Шикоят

Икки қиз ва бир ўғлимиз бор эди. Қизларимиздан кўра ўғлимизни кўпроқ қадрлаб, эрка қилиб ўстирдик, қариган чоғимизда бизнинг бирдан-бир таянчимиз бўлар, –  деб умид қилардик.
Фарзандларимиз вояга етдилар. Қизларимизни чиқардик, кейин ўғлимизни уйлантирдик. У оила эгаси бўлди-ю, ўша вақтдан бошлаб турмушимизда ўзгариш сеза бошладик. Кўнглимиз ҳар қанча ўғлимизга яқин бўлса ҳам аввалгидек уни севсак ҳам, у бизга аллақандай совуққонлик билан қарай бошлади. Кўпинча онаси ўғлининг илтифотсизлиги, қаттиқ муомаласидан зорланарди:
— Уйланганларидан кейин ўғилларнинг ҳаммаси бизнинг ўғлимизга ўхшаган бўладиларми?—деб мендан сўрарди. Мен унга:
— Қайғурма, унинг бундай ҳаракатлари вақтинча бўлса керак,— деб тасалли берардим. Лекин ўғлимизнинг муомаласи борган сари ёмонлашиб борарди. Шундай бўлса ҳам, бир кун эси кириб қолар, деган умид билан ўзимизни овутиб, унинг ёмон муомалаларига чидаб келдик. Мен бирор ерга бориб қайтганимда кампирим очиқ юз билан мени кутиб оларди. Мендан ҳар нарса тўғрисида сўрарди, мен ҳам эринмасдан жавоб берардим, шу билан кўнглимиз очиларди. Ҳар иккимиз бир-биримизга таяниб қолгандик.
Кампирим вафот қилганидан кейин ҳолимни сўрайдиган, кўнглимни кўтарадиган киши уйимда топилмади.
Кўпинча хонамга кириб ўтириб зерикаман, кўнглим бузилади, кампиримни эслаб, ўксиб-ўксиб йиғлайман.
Бир куни жуда чарчаган ва тамом баданим бўшашган ҳолда ўз хонамга кирдим. Ечинмай, ўрнимда чўзилиб ётдим, чунки жуда ҳолсизланиб қолгандим. Ярим уйқу, ярим уйғоқ ҳолда тамом эзилиб ётдим. Бир вақт неварам кириб:
— Дада, чой ичасизми, келтирайми?—деди.
Мен «йўқ, ичмайман» деганимдан кейин у чиқиб кетди. Кейин ҳолсизланиб ўрнимга ағанаб тушдим. Ўғлим турган уйдан кулишган, ўйнашган, ашула айтган товушлар эшитиларди. Ўғлим хотин ва болалари билан бирга чой ичиб ўйнаб, кулиб ўтирганди.
Мана, кўп вақтдан бери ўғлим мен билан келиб сўзлашмади, бир марта ҳам ҳолимни сўрамади. Мен ҳар куни эрта-ю кеч ўғлимни кутаман, лекин у келмайди, унинг ўрнига кичкина боласи келиб менинг чой ичиш ёки ичмаслигимни сўрайди. Чой ичгим келса ҳам унга:
— Йўқ, чой ичгим келмайди, деб айтаман, ўғлимнинг ўзи келиб чақиради, деб умид қиламан, лекин у келмайди. Мен ошхонага бориб, совуқ сув ичаман, қотган нонларни совуқ сувга ивитиб ейман. Мен албатта ўғлимдан кўнглим қолгани туфайли шундай қиламан, у буни сезмайди, ёки сезса ҳам ўзини сезмасликка олади.
Кампиримнинг йили ўтгандан кейин, бир кун ўғлим менга:
— Дада, ёлғиз ўзи яшаган киши ҳар қайси ерда турса ҳам бўлаверади. Сизнинг бу хонангиз болаларим учун жуда керак бўлиб қолди. Ана, ошхона ёнидаги ўзингизга муносиб кичкина уйга кўчинг,— деди. Неча йиллар кампирим билан яшаган бу уйдан ошхона ёнидаги зах уйга кўчиш мен учун оғир эди, шундай бўлса ҳам ўғлимнинг кўнгли бузилмасин, деб у зах уйга кўчдим. Шу вақтдан бошлаб ўзимни дунёда ортиқча ва кераксиз эканимни сеза бошладим.
Илгарилари ўғлим ва невараларим билан еб-ичиб, сўзлашиб ўтиришни истаб, улар ёнига келардим, ўғлим ҳам, келиним ҳам мени совуққонлик билан кутиб олардилар. Мен четдан келган бир мусофир каби сўзлашмай-нетмай ўтирардим. Мабодо сўзларига аралашиб қолсам, ўғлим ёки келиним:
— Чоллар сўзга аралашмасалар яхши бўларди,— деб сўзимни бўлиб қўярдилар. Бир вақт улар ёнида ўтирганимда мен қаттиқроқ йўталиб қолдим. Ўғлим менга хўмрайиб қараб:
— Овқатланган вақтимизда йўталмасдан ўтирсангиз бўлмайдими?—деб қўйди. Шундан кейин овқатланиш учун улар ёнига бормайдиган бўлдим. Бир-икки кун ўтгач, ўғлим мени кўриб.
— Дада, овқатланиш учун нега ёнимизга келмадингиз?— деди ва менинг жавобимни кутмасдан:
— Жуда яхши, бундан кейин овқатингизни келтириб берсинлар. Сиз учун шуниси қулай бўлади,— деди.
Менинг учун қулай эмиш. Ўғлим ва невараларим ёнида ўтирсам ёлғизлигимни унутардим, лекин улар буни сезмайдилар.
Мана энди мен бир бурчакка ташланган, кўнглим ўксиган бечора отаман. Қизларим ора-чора келиб ҳолимни сўрайдилар. Ғариб бўлиб қолганимга ачиниб йиғлайдилар, менга тасалли берадилар. Уларни кўрсам, кўнглимнинг жароҳатлари анча тузалгандай бўлади. Ноқобил ўғлим мени хўрласа ҳам, қизларим мени унутмаганлар, деб севинганимдан ўзимни тута олмай йиғлайман.
Ота-онага озор берган бундай ноқобил фарзандлар бир кун жазоларини тортадилар. Улар ота-оналарига қандай муомала қилган бўлсалар, ўз болаларидан ҳам шундай муомалани кўрадилар.
Қадимги китобларда шундай бир ҳикояни учратамиз: бир йигит ота-онасига азият бериб, уларни беҳурмат қиларди. У онаси вафот қилгандан кейин, отасини кичик ва зах бир уйга кўчирди. Бир кун ота овқат еяр экан, қўли қалтираб косани ерга тушириб синдириб қўйди. Шундан кейин ўғли ёғоч коса тайёрлатиб, отасига шу косада овқат беришни буюрди. Ўғлининг бундай ярамас қилиғидан кўнгли озор топган ота фақат кичкина неварасини ўйнатиб, қайғу аламини бироз енгиллатарди.
Бир кун йигит бозордан уйига қайтиб келгач, ўғлининг бир ёғочни йўниб ўтирганини кўрди. Таажжубланиб:
— Ўғлим, бу ёғочни нега йўниб ўтирибсан, нима қилмоқчисан?— деб сўради, ўғли шундай жавоб берди:
— Адажон, дадамнинг ёғоч косаларига ўхшаган коса ясамоқчиман, сиз ҳам дадамга ўхшаб қариганингизда, сизга шу ясаган косамда ош бераман!
Йигит ўғлидан бу сўзни эшитгач, – дод, – деб йиғлаб юборди.
Дарҳол отасининг ёнига бориб, кўзидан ёшлар тўкиб узр айтди, унинг юз-кўзларидан ўпди. Ўша ондаёқ отасини зах уйдан кўчириб, ўз уйига олди, отаси ҳам ўғлининг гуноҳларини кечирди, неварасини қучоғига босиб, юз-кўзидан ўпиб, йиғлаб хайр-дуо қилди.

Шоир Абдий айтади:
Ота-онангни ўзингдан рози қил.
Сен уларнинг қадрини кўп яхши бил.
Ол дуосин уларнинг, топ камол,
Ёр бўлгай бахти иқбол безавол.