Шайх Санъон муридларининг Румга қайтиб келганлари

Барча муридлар Маккадан чиқиб, Рум сари йўлга равона бўлдилар. Хато қилганларини англаб, ҳақдаргоҳига зору нола қилиб, узр сўрардилар. Шу тахлит ҳар бири қирқкеча-кундуз мақомдан бош тортмай, дуо қилдилар, шафоат тиладилар. Яшил кийим кийиб юрган муридлар энди мотам тутиб, кўк либосларни кийдилар. Охирул амр, уларнинг дуоси қабул қилинди: сафо ва сидқ ўқи нишонга тегди — тонг саҳарда бир мушк ҳидли хушбўй шабада эсди, кашфу каромат олами ошкор бўлди. Аввалдан пирга содиқ бўлган заковатли мурид Муҳаммад Мустафони тушида кўрди. Кўрсаки, ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу олиҳу ва ашобиҳу вассаллам, икки қора зулфини ёйиб, хиромон келар ва табассум қиларди. Кимки уни кўрса мадҳу сано ёғдирарди унга. Мустафони кўрган мурид жойидан сапчиб турди ва деди:
—    Эй, Расули Акрам, қўлимни олгин, сенсан халққа раҳнамо – ҳақ йўлини кўрсатувчи набии барҳақ, Бизнинг шайхимиз йўлдан озди, уни туз йўлга бошла.
Мустафо унга деди:
—    Эй, ҳиммати баланд умматим, бор, шайхингни банддан озод этдим. Шайх билан ҳақ орасида шу пайтгача гарду ғуборлар бор эди, қора доғ кўринарди. Мен бу ғуборни унинг йўлидан кўтардим, уни зулмат ичра доимий қолиб кетишга қўймадим. Шафоат юзидан бир шабнам ато этдимки, шайхнинг ҳаётига ҳам бу файзу сафо киритади. Сен шунга ишонки, олам-олам гуноҳ бўлса ҳам, бир тавба туфайли кечирилади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалам бу сўзларни дедию, заковатли мурид назаридан ғойиб бўлди. Мурид бу тушнинг маъносидан шунчалик хурсанд бўлдики, ўзидан кетиб қодди. Ўзига келиб, шундай бир наъра торттики, гўё осмонда гулдирак гумбирлагандай бўлди. Барча ҳамроҳларини бундан хабардор этди, уларга яхшилик хушхабарини етказиб, жадал йўлга кирди. Ҳаммалари шоду хуррамликдан кўзларида ёш, отлиқ ва пиёда дашту биёбонларни босиб, шайх манзилига етдилар. Шайхни кўрдиларким, аввалгидай чўчқабоқарлик қиларди, аммо беқарорликдан қуриб, қоқ суяк бўлиб қолган эди, гўё бир даста оловдай ёнарди. Шайх ўзининг содиқ муридини кўрди, аҳволи ўзгарди. Қалбида бир илоҳий учқун лип этиб ёнди, Ҳақ билан розлаша бошлади. Ноқус -қўнғироқни ҳам, зуннорни ҳам ташлади. Шайх Санъон ёрлари – муридларини узоқдан кўриб, гўё ўзини нур ичра сезди. Хижолат чекиб, тўнини пора-пора қилди, афсус-надомат чекди. Гоҳи оҳ-нола этар, гоҳида ҳасратидан танидаги қони музлаб қолгандай бўларди.
Қуръон ҳикматлари, илоҳий асрор ва ҳадислар суннати хотирасидан бутунлай кўтарилган эди, лекин бирдан ҳамм&си яна ёдига тушди, жоҳиллик ва бечоршшкдан қутулди. Хижолат ва уятдан гул каби дил қонига беланган эди. Дўстлари уни бу аҳволда кўриб, олдига югуриб бордилар, Танфи Таолога минг-минг шукр қилдилар. Шайхга дедилар:
— Эй, сирларни пардасиз кўрувчи зот, қуёшингни тўсиб гурган булут тарқалди. Куфр кетди, имон қайтиб келди. Румнинг бутпарасти ҳакпараст бўлди янгидан. Мустажобу шафоат дарёси мавжланди, сенинг учун Расулуллоҳнинг ўзи орага кириб, шафеъ бўлди. Бунинг шукронасини олам охиригача қилсанг ҳам адо бўлмас, тур. шукрона қил, мотамнинг ни.ма кераги бор? Тозалагувчи олов қалбинггга кирди, энди кераксиз нарсаларнинг ҳаммасини ўтга ташлаб куйдир!
Қиссани шу ерда тугатаман, чунки яна улуғ йўл азимати бошланди, Шайх Санъон таҳорат олиб покланди, намоз қилди ва ҳирқасини эгнига кийди. Сўнгра Маккага қараб сафарга отланди, улуғ ҳашаматли карвон Каъба сари борарди.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.