Шаҳриёр ва олтин безакли қаср ҳикояти

Бир подшоҳ олтин билан безатилган муҳташам қаср қурди, уни тиклашга неча юз минг динор сарф бўлди. Бу жаннат монанд каср тикланиб, ҳамма жойи нафосат ва маҳорат билан безатилиб якун топгач, турли мамлакатлар, шаҳарлардан одамлар уни томоша қилишга келардилар ва табақ-табақ олтин-кумуш туҳфа қилардилар.
Шоҳ бинокор ҳакимлар ва надимларни ўз ҳузурига чорлаб, курсиларга ўтқазиб деди:
– Менинг бу қасрим ҳусну жамол, чиройда ягона, унинг тенги йўқ, у абадий шундай туради ва менинг буюклигимни кўз-кўз қилади.
Йиғилганлар бир-бир:
– Ер юзида ҳеч ким бундай қасрни кўрмаган ва кўролмайди, унинг бирор нуқсони йўқ, –  дедилар.
Шунда бир зоҳид қад ростлаб деди:
– Эй бахти баланд шоҳ, бир ёриқ қолибди ва у қасрга айб бўлиб кўринмоққа. Агар шу айб бўлмаса, фирдавс қасрини унга туҳфа қилса бўларди.
Шоҳ деди:
– Мен ҳеч бир рахна-ёриқ кўрмаяпман, сен баттол фитна қўзғаяпсан.
Зоҳид деди:
– Эй шоҳликда улуғвор зот, тешик — бу Азозилдир. Агар шу тешикни беркита олсанг, сен ва қасринг абадийдир, бўлмаса бу қасринг ҳам, сену тожу тахтинг ҳам ҳеч нимага арзимайсизлар! Бу қаср жаннатдай гўзал ва кўнгилочар бўлса-да, лекин ўлим уни сенинг кўзингга хунук қилиб кўрсатади. Бу ерда боқий ва гўзал нарса йўқ, ҳаммаси ўткинчи. Ўз саройинг ва қасрингга мағрур бўлма, кибр отига ўтириб, беҳуда чопма. Агар бирор киши сендан қўрқиб сенинг ишларинг ва феълингдаги нуқсонларни айтмаса, сенинг аҳволингга вой!

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.