Подшоҳ бўлган тиланчи

Подшоҳнинг яна озгина умри қолди. Аммо, унинг ортидан қоладиган меросхўри йўқ эди. Бу мавзу шоҳнинг ўлими олдидан кўп муҳокама қилинар эди. “У бўладими, ёки бунисими?” – дея бош қотирарди аъёнлар. Подшоҳнинг саломатлик пайтида ҳам катта тортишувлар бўлиб турарди. Ҳукмдор, “Ўлимимдан сўнг, амалдорлар ғалаён қилиб, ўлка фалокатга юз тутади”, деган хавотирда дарҳол васиятнома ёздириб қўйди. Васиятда шундай ёзилган эди:
“Ҳукмдорлик тожини эрталабдан шаҳар дарвозасидан кирган илк инсоннинг бошига кийгизинг ва мамлакатни унга топширинг”. Охири, шоҳнинг вақти-соати етиб қазо қилди. Шаҳар аҳли, эртаси кун қалъалар билан ўралган дарвозадан биринчи бўлиб ичкарига кирадиган кишини кута бошладилар. Ниҳоят, кимнидир қораси кўринди. Қизиққон қарашлар ортида бир киши келиб ичкарига кирди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ бу одам, бутун умри йўқсиллик ичида кечган, ямоқ устига ямоқ урган, бир луқма учун дарбадар юрган тиланчи эди.
Сарой аҳли, давлат арбоблари унинг кимлигига қарамай, васиятга амал қилишди. Тиланчини юрта шоҳ қилиб кўтардилар; хазинанинг калитларини унинг ихтиёрига топширдилар. Ақлига сиғмас ишлардан шошиб қолган тиланчи бир муддат ҳовурини босиб олгач, мамлакатни бошқаришни қўлга олди. Дастлаб у жуда яхши бошқарди, аммо кейинчалик баъзи амалдорлар унга итоат қилмай қўйдилар. Мамлакатда катта-кичик норозиликлар, ғалаёнлар келиб чиқа бошлади. Аскарлар ва халқ нима қилишни билмай қолишди. Ўзаро тортишмалар, жанжаллар авж ола бошлади. Булардан жуда чарчаб кетган подшоҳ қаттиқ чоралар кўриб халқни тинчлантиришга уринди. Шунда ҳам шаҳарнинг баъзи ҳудудларини измида ушлаб тура олмади. Шундай кунларнинг бирида, йўқсиллик ичра юрган бир дўсти унинг шаҳрига келиб қолди. Дўсти уни подшоҳ бўлганини кўриб:
–Яккаю ягона Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Бахт сенга кулибди. Порлоқ келажак тиканзор ичра бир гул очиб, шу мартага эришибсан, – деди.– Албатта, ҳар қандай баландликнинг бир куни пастга тушиши ҳам бордир.
Подшоҳ дўстининг гапларини эшитиб:
– Дўстим! – деди. –Қутловинг ўринли эмас. Мени юпат… Сени таниган пайтим ва тиланчилик қилиб юрганимда фақат биргина овқатнинг ғамини ердим. Бугун эса жаҳоннинг қайғуси, юки менинг бўйнимда.

Ҳикмат

Дард, уни тортганга қараб ўлчанади. Биров учун улкан туюлган дард, бошқа бир кимса учун кичикдир. Балки ҳеч қандай дард эмасдир.

«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси