Подшоҳ билан асир

Подшоҳ асирлардан бирини ўлимга буюрди. Чорасиз қолган асир тушкунликка тушди. Ақлини йўқотишига сал қолди. “Жонидан умидини узган кўнгилга нима келса гапираверади”, дейдилар… Асир ҳам қараб турмай, ўз қавми тилида подшоҳни ҳақоратлаб, номаъқул сўзлар айта бошлади. Подшоҳ жаҳл устида гапираётан бу асирнинг нималар деганини қизиқиб сўради. Оқкўнгил вазирлардан бири:
– “Ғазабларини енгиб, инсонларни кечирганлар…” демоқда, подшоҳим, – деди.
Подшоҳнинг раҳми келиб, унинг бир қошиқ қонидан ўтди. Аммо бундан норози бўлган бошқа бир вазир:
–Биз каби кишиларга, подшоҳ ҳузурида рост сўзлашдан бошқаси лозим эмас, – деди. Бу асир подшоҳимизни беҳурмат қилди; номаъқул сўзлар айтди.
Подшоҳ иккинчи вазирнинг гапларини эшитиб, юзи тундлашди. Вазирга ўгирилиб:
–Менга, унинг ёлғони, деди. – Сенинг чин сўзларингдан кўра кўпроқ ёқиб турган эди. Чунки у ёлғон бир яхшилик учун эди. Ҳолбуки бу ростгўйлик бир ёмонликка қурилган. Зеро, донолар: “Яхшилик учун ишлатилган ёлғон, фитна қўзғаган тўғри сўздан яхшироқ”, – дейдилар.
Вазир подшоҳнинг бу сўзлари қаршисида бошини эгишдан бошқа бир йўл топа олмади.

Ҳикмат

Бир сўз билан икки дўстни душманга айлантириш мумкин. Бир сўз билан икки душманни яраштириш мумкин. Шундай экан, ҳар бир сўзни аввал ўйлаб, кейин сўзлаган яхшироқдир.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси