Қозининг боласи

Ҳукмдорнинг сарой эшигида бир азамат турарди. Бу йигит қозининг боласи эди. Зеҳни, ақл-идроки жуда ўткир эди. Болалигидан унда шундай қобилият бўлиб, ҳамма унга ҳасад билан гапирарди. Ақллимисан ақлли бўлиб, боши узра улкан юлдуз порлаган эди. Бир қанча вақтдан ўтиб, келишган ва руҳияти анча кўтарилган бу йигит султоннинг назарига туша бошлади. Донолар: “Бойлик мол-мулк билан эмас, ҳунар билан бўлади. Ақл ёшда эмас, бошдадир” , – деганлар.
Аммо қисматни қарангки, тенгдошлари унга ҳасад қилишди. Султоннинг назаридан қолдириш учун уни хоинга чиқардилар. Ҳатто мунофиқ санаб ўлдирмак учун ёмон ишларга ундадилар. Шу пайт султон вазиятдан хабар топиб, йигитни ҳузурига чақиртирди. Ва ундан:
–Улар сендан нима истайдилар? Нега сенга бу қадар душманлик қиладилар? – деб сўради.
Йигит тавозеъ билан шундай жавоб берди:
–Султонимнинг давлат соясида эшик оғаларимнинг ҳаммасини кўнглини олдим. Фақатгина ҳасадчиларга қўшилмадим. Ҳеч кимни хафа қилмадим, аммо ҳасадчига нима ҳам қила олардим? Улар ич-ичларидан азобдадирлар. Улар фақатгина қўлимдаги неъматларни йўқотишим, пастларга тушишим ила севинадилар; роҳат қиладилар. Сиз, султонимнинг давлати ва иқболи бор бўлсин.

Ҳикмат

Ҳасадгўйлик, инсонга ҳаловат бермайди. У соғлик ва ҳузурнинг энг кичик душманидир. Кишининг ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам улкан зарар келтиради.

«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси