Овга чиққан овлангай

Арслон, бўри ва тулки ўртоқ бўлишди, ов қилиш учун ўрмонга кетишди. Кечгача ҳўкиз, эчки ва бир қуённи овлаган уч ўртоқ уларни судраб ғорга олиб келишди. Дастурхонга ўтирдилар. Арслон бўрига юзланиб:
— Азиз дўстим. Бу ўлжаларни шундай тақсимлаки, қорнимиз тўйсин,  деди. Бўри қимтиниб улушларини ажрата бошлади:
— Эй улуғ султоним Шу катта ҳўкиз сизнинг улушингиз. Сиз энг катта ва эпчилсиз… Рухсатингиз билан ёввойи эчки меники бўлсин. Дўстим тулки семиз қуёнларни яхши кўради. Қуён уники…
Арслоннинг бу густоҳликдан жаҳди чиқди:
— Сен бу ерда кимсан ўзи… унутмаки, ўрмонлар қироли ҳузуридасан. Мен борман, менга улуш бўлиб бериш сенинг ишингми?   деб зарба берди; нотавон бўри эргачўзилиб қолди.
Сўнгра арслон қўрқувдан дир-дир титраётган тулкига юзланди:
— Нега қараб турибсан!? Ўлжаларни сен тақсимла!
Фалокатни сезиб турган тулки ўрнидан туриб, таъзим қилиб шундай деди:
— Эй улуғ султоним… Улуш тақсимлаш менинг ҳаққим эмас, аммо сиз муносиб кўрганингиз учун гапираман. Бу қуён сизнинг нонуштангиз, эчки тушлигингиз учун нафис яхна бўлади. Ҳўкизни эса кечқурун эйсиз,  деди.
Арслон жуда хурсанд бўлди ва тулкидан сўради:
— Бундай окилона тақсимотни қаердан ўргандинг?
Тулки бўйнини эгиб, жонсиз ётган бўрига қараб қўйди ва:
— Мана бу ҳадсини билмаган бўрининг ҳолидан…,  деб жавоб берди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан