Ота-она ҳурмати

Бир азизи мўътабар одам бир йигитнинг ота-онасига қилган хизматларини эшитиб уни зиёрат қилмоқчи бўлди. Бу йигит қассоб эди. Мўътабар одам қассобчилик бозоридан у йигитни излаб топди. У билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин:
— Ўғлим, мен мусофир бир кишиман, агар қабул қилсангиз, бу кечани сизнинг уйингизда ўтказишни истайман,— деди. Йигит мўътабар одамнинг илтимосини жону дил билан қабул этди, кечқурун дўконини беркитиб, у билан бирга уйига қайтди.
Уйнинг бир чеккасидаги тўшакда қариликдан жуда кичкина бўлиб қолган бир чол ётарди. Йигит мўътабар меҳмонига жой кўрсатиб:
— Азиз меҳмоним, қани, бемалол ўтириб дам олинг, тўшакда ётган муҳтарам чол менинг отам бўладилар. Онам яқинда вафот этдилар. Отамга мендан бошқа қарайдиган киши йўқ. Ҳар кун азиз отамнинг хизматларини қилиб, кейин ишга кетаман,— деди. Йигит дарҳол шўрва пиширишга киришди. Овқат тайёр бўлгандан кейин бир косачада шўрва олиб отасининг ёнига келди. Унинг бошини секингина кўтариб шўрвани ичирди. Йигит, чол отасини ухлатиб хотиржам бўлгандан кейин меҳмон учун дастурхон ёзди. Ўзига ҳам, меҳмонга ҳам шўрва келтирди, биргалашиб овқатландилар. Мўътабар меҳмон:
— Ўғлим, сен отангни тўйдириб, ювиб-тараб ўрнига ётқизганингдан кейин у оғзини қимирлатиб турди, шу билан у нима демоқчи эди? — деб сўради.
— Мен ҳар вақт отамни овқатлантирганимдан кейингина ўзим овқатланаман. Агар ундан аввал овқатлансам, ота ҳурматини бажо келтирмаган тарбиясиз, адабсиз ўғиллардан ҳисобланардим. Отам мендан жуда розидирлар. Таомдан кейин оғзиларини қимирлатиб шукур этадилар ва менинг ҳақимга дуо қиладилар. Марҳума онам ҳам мендан рози эдилар, доимо ҳақимга дуо қилардилар,— деди йигит.
Мўътабар одам йигитнинг сўзларини эшитгач, кўзларига ёш олиб:
— Баракалла, ўғлим! Сен ҳақиқий фарзанд экансан. Ота-она ҳурматини унутган фарзандлар сендан ибрат олсинлар. Офарин, ўғлим. Ота-онангга қилган хизматингни хайрли ажрини кўрасан,— деди ва йигит ҳақига дуо қилди. Эртаси кун эрталаб йигит билан хайрлашиб ўз йўлига қайтди.
Азиз фарзандлар, ота-онангизни ҳурмат қилишни асло эсингиздан чиқарманг. Ота-онангизга қандай муомала қилсангиз, келгусида ўз фарзандларингиздан шундай муомалани кўришингиз аниқдир.