Нўширавоннинг ҳаё боғи

Нўширвоннинг ҳаё боғида наргис кўзидан кўзининг наргиси уялиб, наргис кўзлик гулрух ёрини қучоқлашни истамай, ўзини четга олишни истагани

Нўширвон валиаҳдлиги чоғида бир қизнинг ишқи билан нотавон аҳволга тушиб қолди. Кўнгли ғунча сингари тўла қон эди, лекин ғам сирларини пинхон тутарди. Унга висол муяссар бўлгунга қадар чексиз азоб-уқубат ва ташвишларни бошидан кечирди.
Бир кун у чаманзордан хилват жойни танлаб, гулрух ёри билан суҳбат қурди. Бахтиёр шаҳзода ёрини қучмоқчи бўлган эди, гулъузор ҳам бунга рози бўлди. Дилбар ҳамдами томон у қўлини узатганда, бир туп наргисга шаҳзоданинг кўзи тушиб қолди. Шунда аҳволи ўзгариб, у қўлини тортиб олди. Суманбар ёри ҳайрон бўлиб, сўради:
– Қўлингизни узатганингиз нимаси-ю, яна тортиб олганингиз нимаси? Адабли шоҳ бунга шундай жавоб берди:
– Шундай бир висол дамида менга монеълик қилган нарса наргиснинг шаҳло кўзи бўлди. Ҳаё кўзи билан олижартоблик бу ишда унга куч бермади. Унинг наргисдек кўзлари ёшга
тўлиб, ўрнидан турди-да, бу ишдан воз кечди. Охирида унинг бу соф ниятлилиги, шундай ҳаёчанлигининг хосияти уни бутун оламга шоҳ қилди, адолати эса оламни паноҳига олди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан