Нуъмон ва арслон

Қадимги Юнонистон шаҳарларидан Карфаген шаҳрида қул сотиб савдо қилувчи бир савдогар яшарди. Ҳамма қулларига, хусусан Нуъмон исмли қулига ҳам кўп жабр-жафо етказарди. Савдогарнинг зулмига чидолмай Нуъмон, ниҳоят, қочиб кетишга қарор берди. Бир куни кечаси ҳеч кимга сездирмай ундан чиқиб, шаҳардан бир неча чақирим узоқликда бўлган ўрмонга кириб яширинди. Бир-икки кун ўрмон ичида сарсон-саргардон бўлиб юргандан кейин бир ғорни кўриб қолди.
Очлик, чарчаганлик жуда ҳам таъсир қилгани учун ғорга кириб ётди ва ширин уйқуга кетди. Кўп ўтмай ваҳший бир ҳайвоннинг шиддатли ўкиришидан чўчиб, уйғонди. Дарҳол ғорнинг оғзига келиб атрофга қараган эди, жуда катта, баҳайбат бир арслоннинг ғорга қараб турганини кўрди, қочиб қутулишнинг иложи йўқ эди.
Бечора Нуъмон кўз олдидаги даҳшатли ҳайвон томонидан парчаланиб ейилишини маъюсона ўйлаб турганди, арслон ҳеч даҳшат кўрсатмасдан аста-аста қадам босиб унинг ёнига кела бошлади. Ҳар бир қадам босганда гўё ёрдам беришни ўтинган каби секин ва қайғули товуш чиқарарди. Даҳшат ва ҳайрат ичида қотиб турган Нуъмон бироз эсини тўплаб арслонга қаради. Арслоннинг оқсоқланиб қадам босганини, оёғининг теги қавариб шишганини кўрди. Кейин арслоннинг ёнига келиб, унинг бошини силади, жароҳатланган оёғини қўлига олди, жарроҳ касални қандай текширса, арслон оёғини шундай текширди. Унинг оёқ тўпиғига узун ва йўғон бир тикан кириб қолганини кўрди. Дарҳол тиканни олиб ташлади, ёнидан рўмолини олиб йиртиб ярани боғлаб қўйди.
Нуъмоннинг шу соддагина даволаши соясида катта ва даҳшатли арслон оёқ оғриғидан қутулди. Бундан сўнг у қўлдан келганча Нуъмонга миннатдорлик билдиришга ва муҳаббат изҳор қилишга киришди. Нуъмоннинг қаршисида сакраб-сакраб ўйнар, ғойибдан етишган бу табибининг оёқларини ялар эди. Ўша кундан бошлаб, Нуъмон арслоннинг меҳмони бўлиб қолди. Арслон овга чиқиб, қўлга киргизган ўлжадан бир қисмини Нуъмонга келтирарди, баъзи кунлари уни устига миндириб олиб ўрмонни томоша қилдирарди.
Нуъмон бир неча ой ўрмонда, арслон ёнида умр кечирди. Ниҳоят, бир кун савдогарнинг қидирувда юрган одамлари арслон йўқ вақтида Нуъмонни тутиб олиб унга топширдилар. Савдогар шаҳар ҳокимига Нуъмоннинг қочиб кетиб, сўнгра тутиб келтирилганини билдирди. Ҳоким Нуъмонни халқ кўзи олдида арслонга едириб юбориш жазосига ҳукм қилди. Ҳукмни ижро этиш куни келди, мудҳиш жазо майдонига жуда кўп одамлар йиғилди. Жаллодлар мазлум Нуъмоннинг қўлларини боғлаб майдоннинг ўртасига келтириб қўйдилар. Бирпасдан кейин арс-лоннинг ўкирган даҳшатли товуши томошабинларни ларзага туширди. Мана, яширин бир жойдан катта, баҳайбат бир арслон ўкириб чиқиб келди. Унинг кўз-лари ўт каби ёнарди, бирдан Нуъмон тарафига қараб югурди. Бу қўрқинчли манзарани томоша қилиб турганлар: «Ҳозир бу даҳшатли ҳайвон Нуъмон бе-чорани тилка-пора қилиб ташлайди»,— деб қараб турардилар, лекин иш улар ўйлаганларича бўлиб чиқмади.
Ақлли ҳайвон Нуъмоннинг ёнига келар-келмас унинг ёнида тиз чўкди, кичик болалар каби эркаланиб унга юз-кўзларини сурди, оёқларини ялади, унинг ёнида сакраб-сакраб ўйинга тушди.
Бу ҳолни кўрган томошабинлар шошиб қолиб ҳайрат билан бармоқларини тишладилар. Севинганларидан беихтиёр кўз ёшларини тўкдилар. Ҳайратда қолган ҳоким Нуъмонни ўз ёнига жалб этиб, бу ваҳший ҳайвон унинг ёнида қўй каби ювош бўлиб қолганлигининг сабабини сўради. Нуъмон бутун воқеани баён қилиб, бу арслон ўрмондаги ўша дўсти арслон эканини айтди. Нуъмоннинг бу ҳикоясини эшитган томошабинлар уни қулликдан озод этилишини ҳокимдан ўтиндилар. Ҳоким буни қабул қилиб, Нуъмонни озод қилди.

Байт:
Кимки истар доимо бўлгай омон,
Яхшилик қилсин, сира этмас зиён.