Номус бойликдан афзал

Ўтган замонда Карим исмли бир кишининг шаҳардан ташқарида бир парча ери бор эди. Карим ҳар йили шу ерига экин экиб, ундан олган ҳосилга қаноат қилиб, бола-чақаси билан умр кечирарди. Баҳор пайти бир куни ер ҳайдаб турганда бир ўғри келиб, унинг тер тўкиб ишлаётганига қараб турди. Яқин бориб, саломлашди-да, деди:
— Сиз бир камбағал кишига ўхшайсиз. Кийган кийимингиз бундан далолат бериб турибди. Оёқ яланг ишлаяпсиз, чориғингиз ҳам бўлмаса керак. Ерингиздан чиққан ҳосил билан оилангизни таъминлаёлмайсиз. Бунга ишончим комил. Келинг, мен билан бирга ўғирлик қилинг, пулингиз кўпаяди.
Карим унинг таклифига деди:
— Йўқ, мен энг паст, ярамас одам бўлишни истамайман. Мен ифлос йўллар билан пул топишдан ҳазар қиламан. Ҳалол меҳнат қилиб, пок яшашни истайман. Кўрдингизми, мен пешона тери тўкиб, шу ҳалол меҳнатим туфайли қалбим роҳатланиб, фароғатда умр кечираман. Сизнинг ҳам ўғрилик каби ярамас ишдан тавба қилишингизни сўрайман. Бу касбдан ор қилинг.

Байт:
Берма озор кишига, қилма ўғрилик зинҳор,
Ўғри доим чекадир ранжу уқубат бисёр.