Мушук ва каламуш (“Калила ва Димна”дан)

Рожа деди: – Ўйламасдан иш қилган ва оқибатда пушаймон бўлиб, афсус-надомат дарёсига ғарқ бўлган одам тўғрисидаги ҳикоятни эшитдим. Энди шундай бир воқеани айтиб берки, унда ҳар томондан ўраб олган душманлар ҳужумига дучор бўлиб, ўлим, жар ёқасида қолган ва ўзини қутқариш учун душманларнинг бири билан дўстлашган, у билан аҳд-паймон тузиб, ўз жонини қутқариб қолган киши тасвир этилган бўлсин. Яна душмани билан қандай ярашганлиги, бунга қандай йўллар билан эришилганлигини баён қилиб бер.

Браҳман деди: – Кўпинча дўстлик ва душманлик узоққа чўзилмайди. Улар бўлаётган ҳодисаларнинг жараёнига ва замон ғилдирагининг айланишига қараб ўзгарадилар.

Улар хотинларнинг вафоси, тентакларнинг мулойимлиги, болаларнинг гўзаллигига ўхшайди. Узоқ вақт давом этган соф дўстликка ҳам баъзан кўз тегиши, тезда нафрат ва адоватга айланиши мумкин. Шунингдек, қадимдан мавжуд бўлган душманлик ҳам бир бахтли тасодиф туфайли дўстликка алмашиниши мумкин. Шунинг учун ақлли одам ҳар икки ҳолда сабрли бўлади ва душманнинг бир вақт келиб дўст бўлиши мумкинлигига умид боғлаб, у билан хушмуомала қилишни тарк этмайди, ҳам дўстлари билан яхши муносабатда бўлиб, айни замонда, бу дўстликнинг абадий бўлмаслигини эсдан чиқармайди. Узоқни кўрадиган киши душман билан сулҳ тузиб, у билан дўстлашмоқни ғанимат билади, чунки шундай қилинганда хатар бартараф бўлиб, фойда қўлга киради. Кимки айтилиб ўтилганларга амал қилса, мушук билан каламуш каби ўз мақсадларига эришади.

Рожа сўради: – Улар қандай қилиб мақсадларига эришибдилар?

Ҳикоят: Браҳман деди: – Фалон мамлакатдаги ўрмонлардан бирида бир катта дарахт бўлиб, остида бир каламушнинг ини бор эди. Унинг яқинида бир мушук яшарди. Бу ерларга овчилар тез-тез келиб туришарди. Кунлардан бир кун бир овчи дарахт яқинига дом қўйиб, учига бир парча гўшт илиб кетди. Мушук келиб, домга илинди. Шу орада каламуш ҳам овқат излаб келиб қолди ва мушукни тузоқда кўриб жуда қувониб кетди. Ногоҳ кўзи уни тутишга пайт пойлаб турган латчага тушди, дарахтга қараса, бир бойқуш ҳам ҳужумга ростланиб турганини кўрди. У қўрқиб кетиб, ўзига-ўзи деди: Агар орқага қайтсам, латча мени парчалаб ташлайди, турган жойимда қолсам, бойқуш устимга ўзини отади, олдинга юрсам, мушукка йўлиқаман. Бало денгизи туғёнга келиб, фалокат тўфони ҳужумга тайёр турибди; шунга қарамай, мен ноумид бўлмаслигим, ўз ҳаётимни қутқаришим керак. Бу ҳолда менга ақлдан яхшироқ мададкор йўқдир. Ақлли кимса ҳеч вақт саросимага тушмаслиги, қалбини даҳшат ва ташвиш чулғаб олмаслиги керак. Энди мен учун ягона нажот йўли бало занжирида талпиниб ётган ва менинг ёрдамимга муҳтож бўлган мушук билан келишиб дўстлашмоқдир. Балки у ўз вазиятини назарда тутиб, менинг сўзларимга қулоқ осар ва душманликдан воз кечиб, халос бўлиш учун маслаҳатларимни қабул этар. Шундай қилиб, ҳар иккимиз балодан омон қоламиз».

Каламуш мушукка яқинлашиб ҳол сўради: – Қани, хўш, ҳол-аҳволинг қалай?

Мушук ҳазин овоз билан жавоб берди: – Бундай бало домига тушиб, азият чекканларнинг аҳволи қандай бўлар эди?

Каламуш деди: – Шу вақтга қадар ҳеч ким менинг ёлғон гапирганимни эшитмаган. Сен ғамнок бўлсанг, ҳамиша мен шод бўлар, муваффақиятсизлигингдан қувонар эдим. Ҳозир эса икковимизнинг ҳам бошимиз хатарда қолди. Бу балодан қутилиш учун сендан нажот кутаман, шунинг учун дўстлашмоқчиман. Агар диққат қилиб атрофга қарасанг, латчанинг мени таъқиб этаётганини ва бойқушнинг фурсат пойлаб ўтирганини кўришинг мумкин. Ҳар иккиси ҳам мени ҳалок қилиш фикридадирлар. Улар икковимизнинг ҳам душманимиздир. Агар сен мени ўз паноҳингга олсанг, улар мендан умид узадилар.

Агар менга тегмасанг, ёнингга бориб мақсадимга эришаман – бандларингни кесиб, сени ҳам озод қиламан. Яна қайтариб айтаман, бу сўзларимга ишон. Хайрихоҳ эканимга шубҳа қилма. Ҳеч кимга ишонмайдиган ва ҳикмат эгаларининг сўзларига қулоқ солмайдиган киши бахтли ҳаёт кечиролмайди.

Иккиланмай менинг бу лутф-марҳаматимни қабул эт, ақлли одамлар катта ва масъулиятли ишларда тараддудга тушиб, фурсатни қўлдан бермайдилар. Кема кемачининг саъй-ҳаракати билан соҳилга етиб боргани каби, халос топишимиз икковимизнинг ҳаракатимизга боғлиқдир.

Мушук каламушнинг гапини эшитиб хурсанд бўлиб кетди ва деди: – Сенинг гапинг ақлга мувофиқдир. Бу маслаҳатингни бажонидил қабул этаман ва ўлгунимча сендан миннатдор бўламан. Дебдурларки, душман сен билан сулҳ тузишни истаса, унинг узатган қўлини қайтарма.

Каламуш деди: – Олдингга борганимда сен мени меҳрибон дўст каби кутиб ол, душманлар иноқлашганимизни кўриб, жўнаб қолсинлар, шунда мен тузоқ ипларини қирқишга киришаман.

Мушук унинг гапига кўнди. Каламуш тузоқ ипларини қирқа бошлади. Мушук назарида каламуш имиллаб ишлаётганга ўхшаб кўринди.

Мушукнинг тоқати тоқ бўлиб деди: – Мен сенинг аҳдингга ишонган эдим. Энди мақсадингга эришганингдан кейин берган сўзингдан қайтмоқчимисан? Лекин билиб қўйки, ваъдага вафо, аҳднинг бузилмаслиги оғир кунларда синалади… Мени кечир деб ёлворишларга қарамай, зулмдан қўл торта олмаган, афв этиш қўлидан келмаган одам яхши ном қозониш неъматидан маҳрум ва мард одамлар орасида юзи қора бўлади. Аммо хиёнат қилганлар ва ёлғондан қасам ичганлар тўхтовсиз жазога мустаҳиқдирлар.

Каламуш деди: – Билиб қўй, дўстлар икки хил бўладилар: биринчилари – ўз ихтиёрлари билан самимий дўст бўлганлар; иккинчилари – мажбурият ва зарурият юзасидан аҳду паймон боғлаганлар. Буларнинг мақсади фойда кўрмоқ ва зарардан қочмоқдир. Лекин самимият ва садоқатга асосланган дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади; зарурият ва мажбурият натижасида пайдо бўлган дўстлик эса ундай бўлмайди. У дарё каби гоҳ тошиб атрофни босади, гоҳ қуриб суви озайиб қолади. Мен берган сўзимнинг устидан чиқаман, лекин ўз жонимни сақлашни ундан афзалроқ, деб биламан. Чунки мен гарчи душманларнинг ҳужумидан сенинг ёрдаминг туфайли қутилиб қолган ва шунинг учун сен билан келишишга мажбур бўлган бўлсам-да, лекин сен душманлардан ҳам хавфлисан. Мен таҳликани даф этиб, хатарли ишларнинг олдини олиш учун сен билан муроса қиляпман, бу – вақт ва замон тақозоси билан қилинган бир тадбирдир. Ҳар ишнинг ўз ери, ҳар соатнинг ўз ҳукми бордир. Вақтни ўтказиб, мавқеини қўлдан берган одамни узоқни кўрадиган одам деб бўладими?! Мен албатта бандларингни кесаман, лекин бир асосий бандни жонимнинг гарови сифатида сақлаб тураман. Уни менга ҳужум қилишдан муҳимроқ иш билан бўлиб, ўз жонинг ғамини еб қолганингдагина кесаман. Ана шунда сен банддан озод бўласан, мен ҳам сендан қутиламан.

Каламуш айтганини қилди – ҳамма бандларни қирқиб, биттасини қолдирди. Тонг отиб, уфқдан қуёш бош кўтара бошлади. Бироздан кейин узоқдан овчининг келаётгани кўринди.

Каламуш деди: – Энди охирги бандни кесмоқ, ваъда устидан чиқмоқ вақти келди.

Мушукнинг кўзи овчига тушиши биланоқ ўлим ваҳмига тушди, каламуш унинг ёдидан кўтарилиб кетди. Шу вақтда каламуш охирги бандни кесди. Мушук сапчиб, бир дарахтнинг устига чиқиб олди, каламуш эса бир тешикка кириб ғойиб бўлди. Овчи титилган-кесилган тўрини кўтариб орқасига қайтди.

Эртаси куни каламуш инидан мўралаб турган эди, мушукни кўриб қолди. Лекин унинг ёнига боришга журъат қила олмади.

Мушук баланд овоз билан қичқириб деди: – Эй дўстим, нега мендан хавфсирайсан? Қўлга киритилган энг яхши ноёб нарсани – дўстлигимизни сақлаб қолиш керак. Яқинроқ кел, мен яхшилигингни қайтарай, мурувват қилиб, мардлигим ва сахийлигимни кўрсатай.

Каламуш унинг таклифини қабул этмай жойида тураверди.

Мушук деди: – Дийдорингни мендан яширма ва дўстлигимизни барбод этма… Мен сен туфайли тирик қолдим, бундан буён ҳаётимни сенга бағишлайман, умримнинг охиригача яхшилигингни унутмайман ва имкон туғилиши билан сенинг яхшилигингни қайтаришга ҳаракат қиламан.

Мушук кўп ёлворди, кўп ялинди, лекин сўзлари каламушга кор қилмади.

Каламуш жавоб берди: – Зоти душман бўлиб дўстликдан лоф урганларга, дилида ғаним, тилида дўст бўлганларга ишониб бўлмайди. Иккимизнинг ўртамизда ҳамжинслик йўқ. Кимки ўз жинсидан бўлмаганга қўшилса, қурбақадек балога йўлиқади.

Мушук сўради: – Қурбақага нима бўлган экан?

Ҳикоят: Каламуш деди: – Бир сичқон ўрмон четида яшар эди. Шу атрофдаги булоқда бир қурбақа умр ўтказар эди. У гоҳ-гоҳ булоқ четига чиқиб ҳаво олиб ўтирар ва ўзини булбул фаҳмлаб, ёқимсиз овоз билан сайрар ва хушовозли қушларнинг энсасини қотирар эди…

Бир куни сичқон ўз инида бир иш билан машғул эди. Қурбақанинг носоз овозини эшитиб ҳайрон бўлди, хонанданинг юзини кўрмоқчи бўлиб ташқарига чиқди ва унинг хунук башараси-ю, бемаъни ашуласидан таажжубланиб қўлларини бир-бирига уриб, бошини қимирлата бошлади. Қурбақа бу ҳолни кўриб, у менга таҳсин қилаётир, деб хурсанд бўлди ва сичқон билан ошно бўлиш орзусига тушди. Хуллас, сичқон билан қалин оғайни бўлиб олди. Улар бир-бирларига ажойиб ҳикоятлар айтиб бериб, вақтларини чоғ этар эдилар.

Бир куни сичқон қурбақага деди: – Неча вақтдан бери сен билан суҳбатлашгим келиб, булоқ ёнига келсам, сен сув остида бўласан, қанчалик баланд овоз билан чақирсам ҳам эшитмайсан.

Қурбақа деди: – Тўғри айтасан, мен ҳам кўпдан бери шуни ўйлайман. Баъзан мен қирғоққа чиқиб сени тополмайман, сен бошқа тешикдан чиқиб кетган бўласан. Мен анчагача мунтазир бўлиб ўтираман. Энди бу ишнинг тадбирини ҳам ўзинг кўриб, муаммони ўзинг ҳал этасан.

Сичқон деди: – Энг яхши тадбир шуки, мен бир узун ип топаман, унинг бир учини сенинг оёғингга, иккинчи учини ўзимнинг оёғимга боғлайман. Ҳар вақт сувнинг лабига келиб, ипни қимирлатсам, дарҳол чиқасан. Агар сен ҳам менинг ёнимга келмоқчи бўлсанг, ипни тортиб мени хабардор қиласан.

Икковлари ҳам бу тадбирни маъқул топиб, кўп вақтгача шу усул билан бир-бирларидан хабардор бўлиб, кўришиб юрдилар. Бир куни сичқон сув ёқасига келди, қурбақани чақириб суҳбат қилай деб турган эди, ногоҳ бир қарға бало-қазодек ҳаводан тушиб, сичқонни кўтариб учди. Оёғидан ипга боғланган қурбақа ҳам у билан ҳавога кўтарилди. Сичқон қарға тумшуғида, қурбақа эса пастроқда осилган ҳолда учиб борар эдилар. Бу ҳолни кўрган одамлар ҳайрон бўлиб дер эдилар: – Ажаб ҳолат, қарға ўз одатига хилоф равишда қурбақани олиб кетяпти, ахир, ҳеч вақт қурбақа қарғага ов эмас эди-ку. Сичқон билан дўстлигининг касофатидан қурбақа бу балога мубтало бўлибди. Кимки ножинсга қўшилса, жазоси мана шундай бўлади.

Мушук деди: – Суҳбат қилишга рағбатинг йўқ экан, нима учун аввал мендан дўстлик талаб қилдинг?

Каламуш деди: – У маҳалда шунга муҳтож эдим. Ақлли одам оғир аҳволга тушса-ю, душманнинг ёрдами билан фалокатдан қутилмоғи мумкин бўлса, душман билан яқинлашиб, унинг кўмагидан фойдаланади. Шунингдек, дўстдан зиён кўрса, ундан узоқлашади. Ҳайвон болалари ҳам сут эмадиган вақтларида оналари билан бирга юрадилар. Сутдан айрилгач эса, ҳеч нарса бўлмагандек, улардан узоқлашиб кетадилар. Ақлли одам буни душманлик демайди. Ақл эгалари ҳамиша ўз ишларини замонанинг тақозоси ва ҳаёт талабини ҳисобга олиб қиладилар; замон ва маконни назарга олиб тадбир кўрадилар, дўст-ошно билан, рақиб-душман билан қандай муомала қилишни, вақтида меҳрибонлик кўрсатиб, вақтида қаттиққўл бўлишни биладилар. Ўзинг биласанки, сен билан бизнинг асл зотимиз ва табиатимиз бир-бирига тамомила қарама-қаршидир, бир-биримизга душманмиз. Зарурият юзасидан пайдо бўлган дўстлигимизга ишониб бўлмайди, зарурият ўртадан кўтарилган замон дўстлик адоватга айланиши муқаррар. Ахир, каламуш жинси учун мушукдан кўра даҳшатли душман йўқдир. Ҳар иккимиз ўлимдан халос бўлмоқ учун мажбуран сулҳга келган эдик. Энди эса зарурат йўқолди, демак, яна қадимий хусумат пайдо бўлди. Мен сени ўзимга дўст деб ҳисобламайман, энди сенинг яқинлашишингдан кўзлаган мақсадинг менинг лаззатли гўштимни ейишдир. Лекин мен қурбон бўлишни хоҳламайман. Кучсиз кучлидан, заиф қувватлидан узоқ бўлиши керак. Кел, гапни қисқа қилайлик, иккимиз икки ёққа қараб кетайлик.

Мушук хафа бўлиб, кўзига ёш олди…

Шундай қилиб, мушук каламуш билан абадий видолашди.

Зарурият натижасида душман билан дўстлашиб, фурсатни қўлдан бермаган ва ўз мақсадига етгандан сўнг эҳтиётли бўлиб, ўз жонини саломат сақлаб қолган ақлли каламуш ҳақидаги ҳикоят шундан иборатдир.

Форс тилидан Суйима Ғаниева таржимаси

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 3-сон