Муқбил ва Мудбир

Бир йўл аро икки ўртоқ кетиб борарди. Улардан бири йўлсиз, иккинчиси эса тариқат билимдони эди. Бири нуқсонли, иккинчиси эса комил сифатлар эгаси бўлиб, унисининг оти Мудбир(бахтсиз), бунисининг оти эса Муқбил(иқболли) эди. Улардан ҳар бирининг исми жисмига муносиб бўлганидек, жисми ҳам исмига мос эди. Муқбил илоҳ аҳллари ҳақида, диндаги комил ва огоҳ кишилар тўғрисида сўз айтса, Мудбир эса бутни васф этувчи кофирларга ўхшаб фақат нуқсон аҳли ҳақида сўз юритарди. Униси дарду ўртанишлардан гапирса, буниси ялтироқ ташқи кўринишлар ҳақида валдирар эди. Шу тариқа улар бир-бирларидан ҳеч баҳра топмай, йўлда давом этишарди. Улар қаршисида бир гўзал шаҳар намоён бўлди. Ҳамроҳлар уни ғанимат билиб. тезда бир-бирларидан ажралиб кетдилар. Муқбил фақрлар турадигун кўчага, Мудбир эса кўнгилочар уй – фоҳишахонага йўл олди.
Мамлакат шоҳи Муқбилга юз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уни кўргани келди. Шоҳ у билан суҳбатлашиб турганида ёмон хулқли Мудбирни бир гуруҳ одамлар судраб келишди ва унинг қилмишидан арз этишди. Айтишларича, бу кеча бир тўда безорилар ичиб, айшу ишрат қуришибди. Улардан бири Мудбирга “Сен бадбашарасан” деган экан, шу сўзи учун бу аблаҳ ўша одамга ханжар уриб, ҳалок қилибди.
Шоҳ буни эшитгач. одиллик кўрсатиб, Мудбирдан қасос олиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Камтар киши (Муқбил) ана шу тарзда шоҳ суҳбатига мушарраф бўлиб, олий мартабага эришди. Худбири(Мудбир) эса шу янглиғ жазосини топди. Дарҳақиқат, учқун юксак осмон сари кўтарилади. Ялтироқ чивин бўлса ахлат устида қолади.

Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.