Мажнуннинг Лайлиси

Подшоҳлардан бири Мажнуннинг ишқ кўйида дали девона бўлиб, чўлларда сарсон кезишидан Лайлига кўп қизиқар эди. Лайлини топиб, ҳузурига келтиришларини буюрди. Лайлини шоҳ ҳузурига келтирдилар. Подшоҳ  Лайлига разм соларкан  қорачадан келган,  сиртдан оддий канизакдан фарқи йўқ бир оддий қизни кўрди. Шунда у Лайлига қараб:
—    Мажнунни ишқинг-ла девона қилиб, тоғларда, чўлларда сарсон этган
Лайли сенмисан? Ажабо, гўзалликда сени бошқалардан ҳеч бир ортиқ жойинг йўқ. Оддий бир аёлдан ҳам фарқинг билинмайди. Шундай экан, қандай қилиб Мажнун кўйингда девона бўлди?
Лайли ҳеч иккиланмай жавоб берди:
—    Подшоҳим, бошқа гапирманг. Чунки сиз Мажнун эмассиз. Мендаги
гўзалликларни кўра олишингиз учун сизга Мажнуннинг кўзлари керак бўлур,– деди.
Подшоҳ бу мантиқли сўзлар қаршисида таслим бўлиб, сукутда қолди.   

Шарҳ

“Лайли ва Мажнун”  Ислом адабиётидаги энг машҳур ишқ қиссасидир. Арабча, Форсча, Туркча ва бошқа мусулмон ўлка тилларида манзум ва машҳур бўлиб ёзилган. Башарий ишқдан илоҳий ишққа ўтишнинг, соф муҳаббатнинг энг юқори рамзи бўлган бу қисса ҳамма  замонда  завқ билан ҳикоя қилинади. Унда “Лайли, Лайли” – дейилишида Мавлононинг гўзал бир ибрати бордир.
Ҳикоятнинг қисқача маъноси: Нажид чўлларида Бани Амир қабиласидан  Қайс ва Лайли болаликдан бир-бирларини севишарди. Буни сезган Лайлининг отаси қизини мактабдан чиқариб олади. Қайс эса маҳбубасини кўролмай ақлу ҳушидан айрилиб чўлу биёбонга  кетади. Бир қанча вақтдан сўнг “мажнун” (девона) сифатида танила бошлайди.
Қайснинг отаси ўғлининг дардини англаб Лайли оиласига қизни сўраб боради аммо, Қайс мажнун, яъни телба деб  Лайлини унга бермайдилар. Сўнгра  Қайснинг  тузалиши учун отаси уни Каъбага  олиб боради. Лекин Қайс, дардининг кўпайиши ва ишқининг ортиши учун дуо қилади. Унинг дуоси қабул бўлиб, ота чорасиз қолади. Мажнун эса чўлларда ёввойи ҳайвонлар билан дўстлашади. У ўтли шеърлар ёза бошлайди.
Навфал исмли бир арабий унинг шеърларини ўқийди. Ниҳоятда таъсирланган  Навфал,  Лайлининг отасидан Мажнун учун қизнинг қўлини сўрайди. У қабиладошларини йиғиб, Лайлининг қабиласи билан музокарага боради. Мажнун Лайлини шунчалик қаттиқ севадики, унга оид ҳеч бир нарсага зиён келишини истамас ва Лайлининг қабиласи тортишувда ғолиб келишини тилаб дуо қилади. Навфал енгилади. Фақат бу мағлубиятни ўзига олмай, яна қайта жангга киришади. Бу сафар ғолиб келади, аммо Мажнуннинг дуоларини эшитгач, Навфал ниятидан қайтади. Кейин Лайлини Ибн Салом исмли одамга турмушга берадилар. Лайли эса Мажнуннинг ишқида содиқ қолиш учун бир ёлғон уйдирма қилиб, хожасини ўзидан йироқ тутишга ҳаракат қилади. Шу пайт одамнинг тутқаноқ касали қўзиб, шу ерда жон беради. Озод бўлган Лайли Мажнунни излаб уйдан чиқиб кетади. Чўлда уни топса-да, энди  Мажнун уни танимас эди. Дийдор кўришмоққа  ҳоли  йўқлигини билдиради. Чунки у бутун борлиқ билан алоқасини узиб, маънавий бир ишқ билан сарҳуш ҳолда сайр қиларди.
Лайли умидсиз бир ҳолда ерга йиқилади ва қайғу ичида жон таслим қилади. Бундан хабар топган  Мажнун Лайлининг мозорига бориб йиқилади. Ва у ерда ўзининг ўлими учун Аллоҳга ёлворади. Нолалари қабул бўлиб сўнгги нафасида “Лайли!.. Лайли…” дея жон беради. Севгилиси билан жаннатга кирадилар.

Шарҳ

Мавлоно ҳикоятни эслатиб бир нуқтага диққатимизни қаратишни истайди. Савдоси ила Мажнун ақлини ўғирлаган Лайлининг ташқи гўзаллиги бошқалардан устун эмас эди. Қайснинг мажнунлиги  ундаги ички гўзалликни кўра олишидадир. Бу хил гўзаллик ҳар кўзга кўринмайди. Уни фақат Мажнуннинг кўзи билан қарай олган фарқига етади. Лайлига Мажнуннинг кўзи билан қарай олмагани учун ҳам подшоҳ ундаги гўзалликни кўрмади.  
Шубҳасиз, ташқи гўзаллик ҳам Аллоҳнинг бир лутфидир (инояти), у ҳам азиздир. Мутаносиб бир вужудда, ҳар кимга гўзал кўринган бир ишга соҳиб бўлмоқ хуш бир ишдир, бу кабилар ҳали ҳам диққатга сазовордир. Аммо фақат ташқи гўзаллик етмайди ва вақт ўтиши билан у йўқолади. Асл бебаҳо бўлган ички гўзаллик – маънавий етукликдир. Бир ҳадисда шундай келади: “Аллоҳ сизнинг суратларингизга, яъни ташқи кўринишингизга боқмас, фақат қалбларингизга боқар”. (Муслим,33). Яъни қалбингизни, ахлоқингизни, ички туйғуларингизнинг майин ва мукаммал бўлишига қарайди ва унга баҳо беради.
Бундан ташқари ташқи гўзаллик ва моддий унсурлар, эътиборни тортувчи нарсадир. Бирига хуш кўринган, бошқасига ёқмаслиги мумкин. Бугун ёқтирган бир турдан бошқасига ўзгарамиз. Буларнинг барини бирлаштирган куч – севгидир. Севги туйғуларнинг энг қувватлисидир. Севганимизнинг ҳар бир иши бизга хуш келади.  Меъёрга  кўра чиркин саналган кимса ошиқнинг наздида энг гўзалдир. Ошиқнинг кўзи бутун айбларга нисбатан беркилади.
Ишқнинг ҳар бир тури аҳамиятлидир.  Чунки у қалбга томон  моддий олам ташқарисидан эшиклар очади. Бу эшиклар инсонни бошқа (маънавий) оламга етаклайди. Агар у  илоҳий ҳузурга улаштирса, бу қалб  яхшидир, у улуғ йўлдадир. Бизнинг маданиятимизда девона ва мажнунларга иззат-икром кўрсатилади.
Ҳикоятдаги подшоҳнинг Мажнунни не сабабдан тушуна олмаганини  Мавлононинг қуйидаги  сўзларидан билиб оламиз:
“Ошиқи чист/ Ошиқлик надир?”
“Мен бўл-да бил!”
Яъни, дерки: “Ишқ даъвога ўхшайди; жафо чекмоқ ҳам шоҳидга. Гувоҳинг бўлмаса, даъво қилолмайсан!.”
Мавлоно айнан ишққа урғу бериб: “Ишқ, кимсага ниёзи ва эҳтиёжи бўлмаган Аллоҳнинг васфларидандир. Ундан бошқасига ошиқ бўлмоқ –  ўткинчи бир ҳавасдир. Чунки мажозий ишқ, олтинлар билан безанган гўзалликдир. Кўриниши нурдир, фақат ичи тумандир. Нур кетиб туман юзага чиқдими, мажозий ишқ дарров совийди, музлаб қолади”.

Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сидан  Кавсар таржимаси