Марҳаматли Айюб ва ўғри

Марҳаматли Айюбнинг безори ўғри эгрилигини тузатгани…

Бир кеча ҳурматли Айюб Илоҳий сирлар кайфидан маст бўлиб, тоат-ибодат қилиб, шамъдек кўзидан ёшлар тўкиб ўлтирар эди. У дурдек кўз ёши денгизига ғарқ бўлиб, куйиб-ёнишда шамъга қўлдош эди. Хилватда бир бурчакни ўзига маскан қилган, гўё бир қутичанинг ичидан энг тоза дур ўрин олгандек эди.

Шу кеча бир кисавур унинг уйига лахм ковлай бошлади. Кечаси билан у ер остини ўйиб, йўл қилиб чиққанда, уйда бир одарннинг бошини кўрди. Айюб ҳам буни тушуниб, индамади; ибодатда давом этиб, буни ўзига олмади. Ўғри эса ўша тешикнинг ичидан чиқиб, уйдан нима топса, ҳаммасини тўплаб, қанчасини кўтара оладиган бўлса, мўлжаллаб, орқасига махкам танғиб боғлади. Лахмга кирмоқчи бўлган эди, тешик кичкина, юк эса жуда ҳам катта бўлганидан унга сиғмади. «Инининг торлигидан хафа сичқон думига ғалвирни ҳам бойлаб олибди» (деган гап бор). Унинг қийналиб қолганини кўриб, Айюб ўрнидан турди-да, эшикни очиб, унга йўлни кўрсатди.

— Юкинг катта бўлиб кетибди, тешигинг эса кичик. Йўлдан чиқа қол, мана, эшик очиқ.

У қанча гумроҳлик кўрсатган бўлса, шайх унга шу хилда йўл кўрсатди. Киши бировга шу хилда йўл кўрсатгандан кейин, у бундай йўлдан четга чиқиши мумкинми?!

Бу аҳвол ўғрини ожиз қилиб қўйди, оғир юк эса қаддини букди. Вужудини бир ўт ёндириб дард бериб, бундан ложувард осмоннинг ҳам иситмаси чиқиб кетди. Елкасидаги юкни шу ўтга ташлаб, ўз вужудининг юкини ҳам куйдиришга тайёр эди. Бу ранжу малолатдан музтар бўлди, хижолат уни хасдек ўртантирди. Наъра тортиб, селдек кўз ёши тўкди; шайхнинг оёғига бошини фидо қилди. Шайхнинг яхшилиги, гуноҳини афв этгани тилини лол этди, марҳаматининг юки эса жисмини бехол қилди.

Шайх марҳамат қилиб, унинг кўзидаги ёшини артди, лутф кўрсатиб, бошини ердан кўтарди. Унинг дарду аҳволини тушуниб, фақирлик хирқасини кийишни тавсия этди. Тасаввуф йўли ўз ўти билан унинг жонини куйдириб, ундан бирон нишон ҳам қўймагандек эди. Унинг бутун борлиғи хасдек шу ўтда куйди. У шу ўтдан кўп ёруғлик топди. Камолот эгаси уни шундай парвариш қилиб, бир афв билан шунча нарсага эга бўла олди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан