Маҳмуд ва ўтинчи чол ҳикояти

Султон Маҳмуд лашкари билан овга чиқди. Бир муддат у лашкаридан ажралиб четга чиқди ва атрофни кузатди. Бир ўтинчи чолни кўрдики, эшагига ўтин ортиб, ҳайдаб борарди. Бирданига ўтинлари эшакдан тушиб кетди ва чол нима килишини билмай, бошини қашлади. Маҳмуд ўтинлари ағанаб кетган, ўзи бу ноиложликда қолган бечора одамни кўриб, унга яқинлашди ва деди:
— Эй, беқарор одам, ёрдамлашиб юборайми?
Чол хурсанд бўлиб, рози бўлди:
— Эй, отлиқ мард, менга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради, бундан мен фойда кўраман, аммо сенга зиён етмайди. Юзингдан яхшилигинг кўриниб турибди, юзи ёқимлилардан лутфу карам келса ажабланмас-лик керак.
Шоҳнинг қалбида карам жўш уриб, отдан тушиб, сочилиб кетган тиканли ўтинларни нозик қўллари билан қайта боғлаб, эшакка ортди ва маҳкам қилиб боғлади.
Кейин учқур отига миниб лашкари олдига келиб деди:
— Ўтинчи чолни икки томондан шундай ўраб олингки, токи менга юзланмагунча бошқа йўл топмасин, — деди. Лашкарлар чолнинг орқа-атрофини ўраб олдилар ва у шоҳ ўтови томон юришга мажбур бўлди.
Чол ўзига-ўзи:
— Бу золим лашкар менга бошқа йўлларни тўсди, нима қилсам экан, шоҳга рўбарў бўлишдан бошқа чора йўқ энди, — дерди. Чол эшагини ҳайдаб подшога яқинлашди, шоҳни кўриб таниди ва хижолатда қолди. Соябон остида ўзига таниш юзни кўриб, уятдан қийналиб, бошин ерга қўйди. Ичида деди:
— Ё Раб, ҳолимни кимга айтай, Маҳмудни ўз ҳаммолим — хизматкоримга айлантириб қўйибман-ку!
Шоҳ унга қараб деди:
— Эй менинг дарвешим, менинг олдимда нима узринг, нима талабинг бор?
Чол деди:
— Менинг ишиму аҳволимни биласан, ўсмоқчилаб, ўзингни билмасликка олма. Мен бир аёлманд, ўтин, тиканаклар териб, сотиб кун кўрувчи чолман. Кеча-кундуз чўлу тоғ кезиб, тикан йиғаман. Тикан сотиб нон оламан, агар қўлингдан келса, менга бир парча нон бер.
Султон деди:
— Эй заҳматкаш қария, тиканларингнинг нархини айт, сотиб оламан!.
Чол деди:
— Эй шоҳ, буни мендан арзонга олма, бир ҳамён олтиндан камига сотмайман». Лашкар аҳли чолга ўдағайлаб дедилар:
— Оғзингни юм, эй аблаҳ, бу тиканларинг икки пулга қиммат, арзонроқ нарх қўй!
Чол деди:
— Ҳай, майли, бу тиканлар икки пулга қиммат бўлсин, аммо бундай яхши харидор кам учрайди. Хушбахт бир инсон бу ўтинга қўл текизди ва бу тиканлар гулзор гулларига айланди. Кимки бундайин тиканни сотиб олмоқчи бўлса, ҳар бир алоҳида тикан новдасини бир динорга сотиб олади. Бу инсон қўлидай қутлуғ қўл тиканимга теккунча беҳад азоблар кўрдим. Гарчи бу арзимас бир тикандир, аммо Унинг қўлидан олганим учун минг жонга арзийди.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.