Маҳмуд ва балиқ овловчи ёш бола ҳикояти

Шоҳ Маҳмуд бир кун лашкардан ажралиб, от устида ёлғиз дарё бўйини кезиб юрарди. Узоқдан дарё қирғоғида бир ёш бола сувга қармоқ ташлаб ўтирганини кўрди. Бола ниҳоятда ғамгин ва ташвишли кўринарди. Подшоҳ болага салом бериб, ёнига келиб ўтирди. Подшоҳ болага қараб деди:
— Эй ўғил, нега ғамгин ва паришонсан, сен каби мунчалик мотамзада кишини кўрган эмасман?
Бола деди:
— Эй диловар амир, биз оилада етти гўдакмиз, отамиз қазо этган, онамиз эса тўшакдан туролмайдиган бемордир. Қашшоқликдан азобдамиз, иложсизмиз. Бирор ризқу рўзи топаманми, деб саҳардан шомгача дарё ёқасига келиб, қармоқ ташлаб ўтираман. Бирорта балиқ илинса шод бўламан, чунки бизнинг бундан бошқа ейдиган нарсамиз йўқ.
Подшоҳ деди:
— Эй ғайратли бола, агар хоҳласанг, сенга шерик бўлиб кўмаклашаман.
Бола рози бўлди ва шоҳ қармоқ олиб сувга ташлади. Шундай қилиб, гўдакнинг қармоғи шоҳлик давлатига эришди (шоҳ қўлига ўтди) ва ажойиби шуки, ўша куни юзта балиқ овланди. Бола бу қадар кўп балиқни кўриб, шунча давлатим борми, деб хурсанд бўлди.
— Эй ғулом, ажаб толеъинг борким, шунча балиқ тузоғингга (қармоғингга) илинди, — дерди ичида.
Шоҳ деди:
— Эй, ўғил, кам бўлма. Агар балиқ овловчингнинг кимлигидан хабар топсанг, бунинг сиррини англардинг. Сенинг давлатинг мендандир, зеро, сенинг балиқчи шеригинг подшоҳ бўлди.
Шоҳ бу гапни айтиб, жўнаш учун отига минди. Гўдак шоҳга қараб:
— Ўзингга тегишли қисмини ажратиб олмайсанми? — деди.
Шоҳ деди:
— Бугунги овнинг барчаси сеники, эртанги ов эса — меники бўлади. Агар сен хохласанг, бизнинг овимиз эртага бўлади, шуни ҳам билки, мен овимни бошқага берадиганлардан эмасман.
Эртасига шоҳ сарой айвонига чиққанда, эсига ўша шериги келди. Бир сипоҳ бориб дарё лабидан болани олиб келди, шоҳ шериклик қоидасига амал қилиб уни ўз ўрнига тахтга ўтқазди.
Бир калтафаҳм айтдики:
— Эй шоҳ, бу бир гадовачча-ку, тахтга ўтиришга муносибми?
Подшоҳ деди:
— У ким бўлса ҳам, бизнинг шерикдир, ваъдалашганмиз ва рад этмай бунга вафо қиламиз. Шундай деб, болани ўзи каби султон қилди.
Бир талабгор гўдакдан сўради:
— Бундай иззат-еҳтиромни қандай қилиб қўлга киритдинг?
Гўдак деди:
— Шодлик келиб, ғам чекинди, чунки бир соҳибдавлат марднинг менга назари тушди — унинг эътиборига мушарраф бўлдим.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.