«Нон улуғ, хоним»

Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг яхши бир одати бор эди. У гоҳо-гоҳо аркони давлат бирла шаҳар айланар, аҳли раиятнинг ҳолидан хабар оларди. Бир куни хон маҳрамлари ила шаҳар сайрига чиқди. Ёнида хос мулозими Ҳасан қайғичи ҳам бор эди. Бир кўчадан ўтаётиб, Ферузнинг кўзи торгина ҳовлига тушди. Ҳовлида кўтарма тандир, тандир олдида бир аёл қўлларига лаппак кийиб нон ёпарди.
Феруз отининг бошини тортиб, бир лаҳза тўхтатди. Таомилга кўра, Хон ўтарда шаҳарни жарчининг ҳайқириғию карнай-сурнайларнинг товуши босиб кетар, барча халқ юмушини ташлаб кўчага отилар, салтанат соҳиби ўтиб кетгунча икки букилиб таъзим қилиб турарди.
Ғарибона ҳовлидаги бу хотин эса дунёни унутиб нон ёпарди.
Хон Ҳасан қайғичига ўгирилди:
– Бул нечук жондирки, мамлакат шоҳи бирла иши йўқдир. Карми, гунгми?
– Ул хотун нон ёпаётир, хоним, – деди Ҳасан қайғичи аста.
Ферузнинг андак жаҳли қўзиди:
– Хон улуғми, нон улуғми?
– Нон улуғ, шоҳим, – деди Ҳасан, – мамлакат хонсиз яшаса бўлар ва лекин нонсиз яшай билмас.
Муҳаммад Раҳимхон индамай отига қамчи урди.

Саъдулла Сиёев тўплади.