Кекса паҳлавон

Кураш санъатининг бутун сир-асрорларини ўрганган бир паҳлавон бор эди. Бу борада унга тенг келадигани топилмасди. Курашда уч юз олтмиш хил ўйин кўрсата оларди. Рақиблари унинг ақл бовар қилмас ўйинлари қаршисида доим мағлуб эдилар. Бу моҳир паҳлавоннинг қўлида яраланишни истаган курашчилар оз эмас эди. Унинг бир талай шогирдлари бўлиб, имкон борича уларга кураш санъати сир-асрорларини ўргатар эди.
Вақт ўтган сайин паҳлавон ҳам секин-аста кексая борди. Аммо, у меҳнат қилишдан чарчамади. Айниқса, бир шогирди учун жуда кўп тер тўкди. Чунки бу шогирди бошқаларига қараганда жуда қобилиятли, анча бақувват эди. Ўзи билган ўйин сирларидан уч юз эллик тўққизтасидан хабардор қилди. Ва ҳар эҳтимолдан, битта ўйин сирини сир сақлади.
Шогирди кураги ерга тегмайдиган, энг зўр паҳлавон бўлиб етишди. У тез-тез курашларда қатнашиб, ўзига қувват олар, тажрибасини бойитар эди. Ва ниҳоят, ер юзида унга тенг келадигани топилмай қолди. Шундан сўнг, у ғурурга берилиб, устози билан олишиш учун жаҳонда ундан ҳам яхшироқ курашчи қолмаганини айтиб мақтана бошлади.
Бир куни подшоҳ ҳузурида олиб борилган курашда у шундай деди:
–Устозимнинг қуввати унинг ёши улуғлиги ва мени тарбия қилганлиги билан ўлчанади. Куч-қувватда мен ундан кам эмасман. Курашнинг барча сир-синоатини унингдек биламан.
Бу ҳаволи гаплардан подшоҳ сира хушланмади. Аксинча, унга бир дарс бериб қўйиш кераклигини тушунди. Устози барибир шогирдини енгишига ишончи комил эди. Подшоҳ устоз ва шогирднинг курашга чиқишларини истади. Кекса паҳлавон истар-истамас рози бўлди.
Кураш майдони ҳозирланди. Давлат арбоблари ва эратроқ келган томошабинлар олд қатордан ўрин олдилар. Бутун халқ майдонни ўраб олди. Ҳаммага овоза бўлган курашни кўргани келганлар, катта қизиқиш билан паҳалвонлар чиқиб келишини кута бошлашди. Бир пайт ёш курашчи ўкирган фил каби майдонга чиқди. Унинг шундай бир ҳайбати бор эдики, худди турган еридан қалин дарахтларни ҳам илдизи билан қўпориб олгудек кўринарди. То устози майдонга чиққунича, нафаслар тин олди. Кекса паҳлавон шогирдининг қувватда юксалиб кетганини кўрмаган эди. Уни осонгина йиқитаман деб ўйлаганди…
Ёш курашчи диққат билан устозига яқинлашиб келаверди. Кекса паҳлавон зум ўтмай, рақибини қопқонга босди. Ва анча вақтдан бери яшириб келган уч юз олтмишинчи усулни ўйинда қўллади. Шогирди бу янги усулнинг ечимини билолмай гарангсиб қолди. Устози уни икки қўллаб кўтариб олди-да, охири нима бўлишини ўйлаб ҳам ўтирмай, ёш паҳлавонни ерга улоқтирди. Шогирд нима бўлганини англай олмади. Кураги ерга текканини кўрди, холос. Атрофида халқнинг ҳайқириқ овозлари эшитиларди:
– Яша!.. Яша, паҳлавон!.. Баракалла!..
Подшоҳ бу натижадан ниҳоятда мамнун бўлди. Хурсандчилигини яширмай, табриклаш учун кураш майдонига, кекса паҳлавоннинг олдига келди. Гъолибни қутлаб, унга ҳадялар инъом қилди. Ва ҳаволаниб кетган ёш курашчига қараб:
–Ҳурмат чегарасидан ошиб, устозингни камситдинг. Уялмасдан у билан бўй ўлчашга турдинг ва ишни уддасидан ҳам чиқолмадинг. Бу сенга сабоқ бўлсин!.. – деди.
Ҳамма тарқалгач, ёш курашчи устозининг ортидан борди. Устозига қараб:
–Демак, мендан яна бир ўйинни сир тутган экансиз-да, устоз? – деди. Тўғриси, бу ҳеч хаёлимда йўқ эди. Бугун, ўша ўйин билан мени мағлуб этдингиз…
–Тажриба авлоддир! Демак, у ўйин ҳам шундай бир кун учун керак эди. Донолар, “Дўстингга сенга душманлик қила оладиган даражада қувват берма!” деганлар. Ўз шогирдидан азият чеккан одамнинг ҳам шундай деганини эшитган эдим: “Ё бу оламда вафо йўқ, ёки бу замонда ҳар бир одам вафосиз. Бири камон отиш илмини мендан ўргансин-да, охирида мени нишонга олмасин!”
Шогирди бу сўзларни эшитаркан, ўз-ўзидан уялиб кетди. Устозининг қўлларини тавоф қилиб, ундан кечирим сўради.

Ҳикмат

Инсон ўғлига, ҳар замон ишониб бўлмас. Кимни замон сутсиз қила олса, пасткашларча ҳаракатда бўла олади; яхшилик кўрган одамига ёмонлик қила олади. Шундай экан, дунё ишларини тадбир ила кўргин.


«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси