Казвинлик билан рассом

Казвинликларнинг эски бир одати бор. Таналарига, қўл ва елкаларига игна билан кўк нақшлар чиздирар эдилар.
Казвинлик терига расм чизадиган рассомнинг олдига келди:
— Кўксимга игна билан бир расм сол. Фақат жоним оғримасин,  деди.
— Хўп. Ниманинг расмини чизай?
— Менинг буржим арслон. Ўкираётган бир арслон расмини чиз. Тезроқ бўл, аммо расм яхши чиқсин.
— Бўпти  дея казвинликнинг кўксига игна санча бошлади. Жони оғриган казвинлик:
— Ҳой уста!.. Нима қиляпсан, жонимни оғритдингку,  дея қичқирди.
— Нима қилай, арслон расмини сол дединг, унинг расмини чизяпман.
— Қаеридан бошладинг?
— Думидан бошладим.
— Қўй бу думини, жоним оғрияпти. Менинг арслоним думсиз бўла қолсин.
Уста «Яхши!» дея ишида давом этди.
— Вой, жоним оғриди, буниси қаери?
— Қулоғи.
— Қўй, қулоқсиз бўла қолсин. Қулоқни ҳам чизма.
Рассом бошқа бир жоиидан бошлади. Казвинлик фарёд қилди.
— Қаерини чизяпсан?
— Гавдасини.
— Бўлди қил, менинг арслоним гавдасиз бўла қолсин, жуда ёмон оғритдинг. Бу ҳолда ҳушимдан кетаман.
Рассомнинг сабри тугади. Қўлидаги игнани қўйиб деди:
— Мен сендай одам кўрмадим. Думсиз, қулоқсиз, гавдасиз арслон ҳам бўладими? Аллоҳ таоло бундай арслон яратмаган, қани, йўлингдан қолма!
Рассом казвинликни дўкондан ҳайдаб юборди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан