Кампир ва ибн Сино ҳикояти

Бир кампир Абу Али ибн Сино олдига бориб, унга қимматли совға бериб, буни мендан туҳфа сифатида қабул қил, деди. Ибн Сино туҳфани олмай, мен Аллоҳдан ўзгадан ҳеч нарса олмасликка аҳд қилганман, деди. Кампир дарҳол жавоб бериб, деди:
— Эй Абу Али, аҳвал (кўзига нарсалар иккита бўлиб кўринадиган одам) кишилардай бирни икки кўриш одати сенда қачон пайдо бўлди? Агар сен дарвеш кўзи билан қарасанг, бу ерда ғайр (Ҳақдан ўзга) йўқ, зотан билсанг, Каъба билан дайр (насронийлар ибодатхонаси) орасида фарқ -зиддият йўқ. Сен бу йўлда қатий аҳд қилиб, ишқ оловида тобланиб, эриб ҳал бўлган мардлардан эмассан, шу боис аҳваллардай кўзингга ғайр кўринаверади.
Аслида солик мард дил чегараси ҳаддига етса, Ҳақ йўлидан юриб, шу манзилга етиб келса, Ҳақдан ошкора сўз эшитади ва вужуди ҳам шу манзилда мустаҳкам туриб қолади. Шунда дарвеш бир лаҳза бўлса-да Ҳақдан ўзгани қўрмайди ва жаҳонда ундан ўзгани танимайди-билмайди. Шунда дарвеш ҳам Унда, ҳам Ундан, ҳам У билан бирга бўлади. Ва ҳам айни вақтда бу уч ҳоддан ташқарида бўла олади. Кимки Ваҳдат дарёсида йўқолмаса, у ҳар қанча одам шаклида бўлса-да, аммо комилликка эришган шахс бўлолмайди.
Ҳунарманд, комилми ёхуд нуқсону айбли кишиларданми, кимки бўлса, ғайб олами қўйнида унинг қуёши бор. Бир кун келиб ул қуёш, ўша одамни ўзи билан қўшиб олади. Кимки ўз қуёшига етишса, аниқ билгилки, у ёмон-яхшидан қутулади. Токи сен бордирсан, яхши-ёмон бу ерда сен билан биргадир, сен Ҳаққа йўқолсанг, яхши-ёмон савдоси ҳам йўқолади. Аммо агар сен ўз вужудингда тураверсанг, бу узун йўлда яхши-ёмонни кўраверасан. Нарса-моддалар билан кўринадиган бўлсанг, ўз вужудингга гирифтор бўлиб тураверасан. Кошки энди худди аввалгидай  (жаннатда яратилган Одам Атодай) пок бўлсанг, яъни борлиқдан қутулган бўлсанг. Ёмон сифатлардан буткул пок бўл. Шундан кейин кафтдаги ел ва тупроқдай бўл (Яъни енгил ва покиза бўлгин, чунки инсон асли тупроқдан яратилган ва руҳ — ел билан тирилган). Жисмингда қанчалик нажас-палидликлар, нопокликлар борлигини қаердан биласан? Илон ва чаёнлар жисминг пардаси ичра сен билан биргадирлар, улар ухлаганлар, жим турибдилар. Агар сен уларга қилча ижозат берсанг, ҳар бири юз аждарҳо-дай бош кўтаради. Ҳар бири учун илон тўла бир жаданнам бор, токи сен бу жаҳаннамни бўшатмасанг, нафс илонининг иши давом этаверади. Агар сен булардан покпаниб чиқсанг, тупроққа тоза тупроқдай қўшиласан. Аммо тупроқ остидаги илон-чаёнлар қиёмат кунигача сени чақиб турадилар.
Эй Аттор, бу мажозий сўзлардан тавҳидга ва сирлар оламига етиб кел. Агар солик мард бу манзил-мартабага етса, манзил ва солик бирлашиб йўлдан кўтариладилар, чунки улар энди Унинг соясида йўқоладилар, энди У пайдо бўлади. Солик энди соқов бўлиб қолади, чунки У гапиради. Жузв (қисм) юриб Кулл (бутун)га қўшилиб, бутун бўлди, аксинча Кулл жузвга айланмади. Бу шундай бир шакл — суратки, унинг на аъзолари бор, на жони, уни сифатлаб — таърифлаш мушкул. Тўрт унсур тўрт унсурликдан чиқади, юз минг оламу зарралар ҳаракатга келиб, қўшилиб уйғунлашиб кетади. Бу ажойиботлар сиррининг мактабида юз минг ақл ожизу ночордир. Ақл бу ерда эшикда мунғайиб қолади, у гўё онадан кўру кар туғилган гўдакдай бўлиб қолади. Кимки бу сирдан бир зарра англаган — топган бўлса, у икки олам мулкидан юз ўгиради. Бундай одам дунёда бир соч толасидай бўлса-да, агар у Ҳаққа эришса, қадр топади. Агар у Кулл бўлмаса-да, аммо эътиборлидир, вужуд бўладими ёки вужуди йўқоладими -бу ўша одамдир — комил шахсдир.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.