Каъбага муштоқ Иброҳим Адҳам

Иброҳим Адҳамнинг Каъбага намоз ўқиш билан боргани ва Робияи Адвияга эса Каъбанинг ўзи унга муҳтож бўлиб келгани

Қачонки Иброҳим Адҳам ўринбосарликдек юқори мансабини тарк этар экан, Аллоҳ фано тожини унинг бошига кийдирди. Унинг подшоҳлиги ва дабдабаларини фано ели учириб (Каъбага олиб борадиган) даштни босиб ўтиш учун қадам қўйди. Масжидни қўйиб ўз холича намоз ўқир, ҳар қадамда икки ракъат намозини ўқишни қўймасди. Шу тарзда у ўн тўрт йил йўл юрди. Уни мадх этиш учун ҳар бир тикан ва гиёҳлар тилга кирди.
Маккани тавоф этиш учун у кириб келар экан, Байтул-ҳарам (Каъба зиёратгоҳи) ўз ўрнида йўқ эди. «Бу не хол, эй Худо!» — деб фиғон солар экан, ғойибдан овоз келди: «Эй йўловчиларнинг пири! Бир қария аёл чўлни босиб ўтар экан, (Аллоҳга бўлган) шавқу муҳаббат юки оғирлигидан қадди букилибди. Заифликдан у шундай кучсизланибдики, (энди) Каъба ўзи уни зиёрат қилишга кетди!»
Бу воқеа Адҳамни ҳайрон қолдирди. У қараб турар экан, Робиа келаётганини кўрди. У деди:
«Эй сайргоҳинг Арш бўлган зот! Каъба ўзи сени тавоф этиш учун йўлга чиқибди! Қараки (ўз ишларинг билан) сен дунёга қандай овоза солибсан!»
Робиа унга жавоб бериб деди:
— Ошириб юборма! Бутун оламга овоза солган сен бўласан! Даштни босиб ўтишучун ўн тўрт йил юрибсан! Иброҳим деди:
— Эй пок қадам, сен фаришталардек, Осмонни ҳам кезиб чиқишга қодирсен! Аммо айт-чи, нима учун мен шунча йўл юриб азоб чекдим, азобни мен чекдиму хазина сенга тегди?
Робиа унга деди:
— Тушун! Бир неча йил чўлда барча йўлларни босиб ўтар экансен, сенинг ишинг намоз ўқимоқ бўлди, холос! Мен эса Унга истагимни айтдим, ишва, ноз қилдим, ялиниб-ёлбордим! Намоз ўқиб, риё қилиб, эришган хосилинг шудир. Менга эса ялиниб-ёлборишим ва ўзлигимдан кечганлигим шу мевани берди.
_____________
* Адҳам — Балх подшохи (777-й. да вафот этган).

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан