Жаннатга дўстингиз билан биргаликда киринглар

Ҳазрати Анас (р.а.) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга (ўрган) эдик. Бир пайт у зот тишлари бироз кўринадиган даражада кулимсирадилар. Сабабини сўраганимизда шундай марҳамат қилдилар:
— Умматимдан икки киши Аллоҳ ҳузурига борадилар.
Улардан бири:
— Эй Раббим, менинг бу инсонда ҳаққим бор, ҳаққимни ундан олиб бер, — дейди. Аллоҳ таоло ҳам ҳалиги инсонга “Бунинг ҳаққини бер”, — деб буюради. У одам:
— Эй Раббим менда савоб деб аташга арзирли ҳеч бир нарса қолмади,— дейди. Жаноби Ҳақ
— Қара, бу инсоннинг савоби қолмабди, нима дейсан, — деб сўрайди. Ҳаққини талаб қилаётган инсон жавоб беради:
— У ҳолда менинг гуноҳларимдан олсин.
Суюкли Пайғамбаримиз шу гапларни айтаркан, кўзлари ёшланди ва “У шундай буюк бир кундирки, бу кунда инсонлар гуноҳлари олинишинин истаб қоладилар” ,— дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло ҳақ эгасига буюрди:
— Бошингни кўтар ва жаннатга боқ! У одам:
— Эй Яратган Эгам, инжу билан ишланган, кумуш ва олтиндан барпо қилинган кўшкларни кўряпман. Булар қайси пайғамбар, қайси сиддиқ ёки бўлмаса қайси шаҳидларга аталган,— дейди ҳавас билан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жавоб беради:
— Булар менга ҳаққини берганларга аталган. У одам:
— Буларнинг ҳаққинин ким тўлай олади?— деб сўрайди. Аллоҳ таоло айтади:
— Агар истасанг, буларнинг соҳиби сен бўла оласан. Ҳаққини талаб қилаётган инсон сўрайди:
— Қандай қилиб, эй Аллоҳим?
— Ҳаққингни бу одамга бағишлаш орқали,— деб жавоб беради Жаноби Ҳақ. Ҳақ эгаси:
— У ҳолда бу инсонни кечирдим,— деб аютади. Аллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу ва таоло ҳам:
— Дўстингни олиб биргаликда жаннатга киринглар,— дейди.
Сўнгра Жаноби Пайғамбаримиз (САВ) дедилар:
—Аллоҳдан қўрқингиз ва Сизлар ҳам бир-бирингизни орангизни ислоҳ қилинглар. Кўрмайсизларми, Аллоҳ таолонинг Ўзи мўминлар орасини ислоҳ қиляпти.