Искандар ва Арасту ҳикояти

Искандар дин йўлида жон бергач, Арасту хитоб қилиб деди:
— Токи тирик эдинг панду насиҳат қилардинг, аммо бу кунги ўлиминг халқ учун охирги панд — ибратдир.
Эй кўнгил, ҳаёт гирдобидан ва бунинг орқасидан келадиган ўлимдан ибрат ол, ғафлатдан бедор бўл. Мен (Аттор) қушлар тили, нутқини бир бошдан сенга сўзладим, эй бехабар, буни англагил! Ошиқлар орасида қушлар гўё эшикдирлар, улар қафас (дунё)дан ажалдан олдин парвоз қилиб чиқадилар. Ҳаммаси учун бошқача шарҳу баён бор, чунки қушларнинг тили ўзгача тилдир. Бу қушларнинг барчасининг тилини билган одамгина Симурғ олдига иксир (ҳикмат жавҳари)ни келтира олади. Юнонлар ҳикмати — фалсафаси ичида сен руҳоний мардлар давлати — маърифатини таний олармисан? Юнонлар ҳикматидан батамом қутулмасанг, дин ҳикматида, мард бўлолмайсан. Кимки ишқ йўлида юнон фалсафаси — ақлий билимга таянса, у дин қоидаси — девонида ишқдан огоҳ эмасдир. Бу ерда Ҳақ маърифати йўлида «қуфр»нинг «к» ҳарфини «фалсафа»нинг «ф» ҳарфидан яхшироқ кўраман. Зеро агар бу куфр яна парда бўлса, сен буни англаб куфрдан сакланасан. Аммо агар ул жадал (диалектика) илми йўлтўсарлик кила бошласа, кўпроқ огоҳ — оқил одамларни йўлдан уради. Агар юнон ҳикматига дил боғлаган бўлсанг, Умари Форуқ каби ёниб, динни ҳимоя қилолмайсан. Дин шамъи юнон ҳикматини ёндириб юборди, шу боис дин шамъини бу илм (юнон фалсафаси) билан ўчиролмайсан. Эй, дин одами, Ясриб ҳикмати (Муҳаммад расулуллоҳ дини) ўзга илмлар йўлини тўсди, энди дини ислом йўлида Юнонистон илми устига тупроқ сеп.1
Эй Аттор, қачонгача гап сотасан, ахир сен бу мушкил ишнинг марди эмассан, ундан кўра ўз вужудингдан пок бўлиб, буткул ташқари чиқ, тупроқ узра тупроқдай тўкил, кўзга кўринма! Токи сен бор экансан, ҳар бир хасга поймол-сан, агар йўқолсанг — фано бўлсанг одамлар бошига тож бўласан. Сен фано бўлгин, токи барча йўловчи қушлар Улуғ Даргоҳга етиб ол, деб йўл бўшатсинлар. Сенинг айтганларинг ҳар кимга йўл кўрсатсин. Шу сўзлар сенга ҳам раҳнамо, пир бўлсин. Йўлга кирган қушлар назарида ҳеч ким бўлмасам-да, бироқулар иши, аҳволини сўйладим, шу басдирки, ушбу карвон орқасидаги чангдан менга ҳам ғубор етса, мен ҳам шу дард аҳлига бир қисм бўлиб қўшилсам.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.