Ишқ сурури ёхуд яратганнинг “калтак”ларига эҳтиёжим бор

“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

Ёшлигимдан китоблар оламида улғайдим. Жалолиддин Румий руҳий озуқам, маънавий эҳтиёжим эди. Мутолаадан завқу шавққа тўлиб, яшашга куч, илҳом олардим. Тилимда, дилимда такрор эди, бу ҳаётбахш ҳикматлар. Мавлононинг “Хом эдим, ёндим, пишдим” иқрорномасидан руҳан таъсирланиб, мен ҳам ич-ичимдан “ёниш”ни, тобланишни истардим. Ҳикматларни англай бошлагач билдимки, Ҳазратнинг барча китоблари моҳиятида улуғ китоб тафсири мужассам экан. Шунданми, араб тилига қизиқишим кучайди. Бахтимга мактабимизга араб тили муаллими келди. Устоздан қўшимча сабоқ ола бошладим. Шу қадар киришиб кетибманки, университет дарслигини ўзлаштира бошлабман. Ойим мендаги ихлосмандликни кўриб, “Аллоҳга муҳабатинг дилингга бўлсин” деб, Нақшбандий ҳазратларининг “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”, ҳикматини бот-бот эслатиб, меҳнатсеварликка рағбатлантирардилар. Отам мени бошқача кўрар, кўчат экса, ёки бир иш бошласалар “Сенинг қўлинг тексин, қизим”, дердилар.
Тенгдошларим ишқий саргузаштлар, зебу зийнат, янги русумдаги либосларга орзуманд бўлганида мен китоблардан бош кўтармас, шунданми, очиқ ошкора “китоб жинниси” деган “унвон”ни қўлга киритгандим. Бўлажак турмуш ўртоғим билан ҳам мутолаа нашъасини сурсам, деб орзуманда эдим.
Қиз боланинг холис ниятини Ўзи ижобат айлайди, деганлари рост экан. Олийгоҳнинг биринчи босқичини тугатиб, мактабда дарс бердим. Ўқишим тугагач кўнглим истагидагидек инсонга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим ўзбек тили ва адабиёти муаллими эди. Ана, иккита китобсуярнинг завқу-шавқини ҳеч бир лаззатга алишмайдиган сурурли кунлар бошланди. Никоҳнинг илк кунлари асал ойи бўлса, биз учун китобхонлик ойи бардавом бўлди. Янги келиннинг уйини сепи, гиламу мебеллари безатса, бир жавон китобу, бир айвон гуллар, тикув машинаси уйимнинг кўрки эди мен учун.
Бахтиёрлик билан бир йилни ўтказдик, бироқ ҳамон гўдак исига етинолмасдик. Ўқиганларимизни на қадар уққанлигимизни синаш фурсати бошланганди чоғи… Тиббий ва халқона даво чораларин кўриш билан бирга Ўзига муножот айлаб, кеча-ю кундуз Закариё алайҳиссалом дуосини такрорладик: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан». Интизорликда тўрт йил ўтди. Бешинчи йили фарзандлик бўлдик. Биздан бахтиёр оила йўқ эди ўша кунлар. Қизимиз тўрт ойлик бўлиб, ширин кулгулари билан дилдаги ғуборларимизни аритаётган кунларда уйимизга орган ходимлари келиб, тинтув ўтказишди. Турмуш ўртоғим талабалигида сараланган истеъдодли ёшлар қаторида давлат томонидан хорижга ўқишга юборилганди. Ўша даврлар, ўқиш давомида тақиқланган ташкилотлар таъсирида бўлган экан. Эътиқоди кучли, халол инсонлигини билардим, аммо…
Ҳақиқий синов кунлари бошланганди. Қаттиқ қўрқувданми сутим қочди. Қизимни сунъий сут билан катта қила бошладим. Олти йилга ҳукм ўқилди. Даҳшат… Бунга сабрим чидармикан, дейман. Яна Мавлонодан маъно излайман:

Осмонким, гоҳ аламлар бергуси,
Мунтазир бўл, сенга тўн кийдургиси.

Оҳ, ўша кунларгача иймонимни мустаҳкам қил, деб илтижо қиламан.
Дадамиз узоқда, қарийб икки минг километр олисда. Ҳар уч ойда уч кунга рухсат берилади. Қиш чилласими, ёз саратоними, орзиқиб, интиқиб белгиланган кунида етиб борамиз. Шароитлар, ейиш ичиши яхши, фақат ғарибга айланган. Жиноят олами даврасида илм аҳли не куйга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас. Борганимда кундузи яхши овқатлар билан сийлайман, кечаси ёлғиз қолганимизда, китоблар мусоҳабасига тушамиз, мушоира бошлаймиз. Улар ўқинг дейдилар. Қалбим кечинмаларига яқин ғазалдан бошлайман:

Хазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим,
Кўриб раҳм айлагил эй лола руҳ бу чеҳраи зардим…

У киши эса Машрабдан тушадилар:

Намангандан кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму?
Ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму?..

Шундай қилиб тонг отади. Уч кеча уч йилга татийди. Кетарда ёр ишқида билинмаган йўллар қайтишда бирам узун, машаққатли туюлади.
Бу орада қизим эсини таниб қолди. Ҳар куни дадасини сўрайди. “Даданг сени жуда яхши кўради, улар узоқ ишга кетганлар”, деб овутаман. Уч ёшга тўлганида, боғчага бериб, ўзим ишга чиқдим. Қайнона-қайнота билан катта ҳовлида яшайман. Ёш ва фаоллигим учунми, эри йўқ ҳозир, дея туҳмат, фитна қилмоқчи бўладилар. Ейиш, ичиш ва кийинишим янада одмилашди. “Озиб тўзиб кетдинг”, дея яқинларим, мудом хавотирда. Ойим ўргатган ўша улуғ тариқат “Дил ба ёр, даст ба кор” қалбимга сокинлик, жисмимга қувват беради. Кундузи меҳнат билан андармон бўлиб, ўзимни чалғитаман. Узундан-узун ва оғриқли кечаларда мактублар битаман. Китоблардан ҳикмат ахтараман. Яна нажоткор Мавлонога юзланаман: “Гиламни калтак билан қоқмоқ гиламга озор бермоқ учун эмас, гиламни покламоқ учундир. Аллоҳ сенга ташвиш берар экан, сени имтиҳон қилиб тозалар, чангу ғуборингни кетказар. Қайғурма…”
О, бу ташвишлар гар бу покланишим, гуноҳлардан аришим учун бўлса, минг бор розиман!
Пурмаъно ҳикматлардан янгиланаман. Уйқусиз тунларда ўзимга сабр, иймонимни бақувват қилгин деб, субҳга етаман. Ҳар янги кун ёримга яқинлаштиргани учун яратгана шукрона айтаман. Кунлар тезроқ ўтишини истайман.
Қизим дадаси қамоқда эканлигини билмайди. Эсини танигач, дадасининг олдига камроқ олиб борадиган бўлдим. Жуда тийрак бўлганидан ҳар нарсани кузатиб саволга кўма бошлади:
— Ойи дадамнинг ишида нега милисалар туради?
— …
Бўғзимга нимадир тиқилади. Кўзим ёшланганини кўрсатмасликка уриниб, банкда ишлайдиган холасининг ишини эслатаман: — Холангнинг ишига борганимизда ҳам кўрдингку, мелисалар текшириб киргизишди, дадангнинг иши ҳам шунақа-да.
— Ҳм, шунақами, нега унда ҳаммани дадаси ишидан келадию, улар келмаяптилар?
— Онажон, қаранг Ширинанинг дадаси Россияга кетиб уч йилда энди келди. Қизига кўпгина нарса олиб келди.
— Дадажонинг ҳам сенга кўпгина совғалар олиб келади.
— Нега бўлмаса, ҳадеб йиғлайверасиз! Сўрасам, дадангни соғиндим, дейсиз. Менга ҳеч нарса керакмас, дадажоним тезда келсин.Сиз ҳам бошқа йиғламанг.
Маҳкам бағримга босаман, кўзимнинг ёши унинг юзларини ювиб тушади.
Бир куни қизим боғчадаги ўртоғига мақтанаётгани эшитиб, қолдим:
“ Менинг дадам узоқда, зўр ишда ишлайдилар. У ерда ишлаб, менга совғалар олиб келадилар. Озгинада келади. Ўшанда сенга ҳам ўйинчоқлар бераман хўп”. Ўртоғларининг олдида уялиб қолмаслик учун энди фариштагинам ҳар куни мен билан дуо қилади: “Эй, Художон, дадам тезроқ келсин, мен сени яхши кўраман”.
Покиза ҳаётимиз неъмати бўлганиданми қизим бошқача, саволлари тугамайди: “Ая, худойим қаерда?”, “Худойимнинг уйи борми ўзи?” Билганимча соддагина жавоб беришга ҳаракат қиламан. Бир куни хайрли тун тиларкан, “Ая тушизда дадамни кўриб, гаплашиб олинг хўпми”, деди. Ҳар қанча уринмай, ўпкам тўлиб, ўзимни тутолмадим. Эрталаб ўрнидан туриб суюнчилади: “Аяжон, аяжон тушимда Художонимни кўрдим, сиз унинг рангини айтиб беролмагандингиз уларчи ялтир-юлтир қилиб, порпираб ҳу-ув баландда яшаркан. Худойим билан гаплашдим. Дадамни тезроқ келтириб бергин дедим. Аяжон, дадам келишига жичча қопди” деди. Ҳайратдан қотиб қолдим. Илоҳим, болажоним, тушинг рост бўлсин деб, яна йиғлаб юборибман. “Эй, яна йиғлаяпсизми, айтаяпман-ку, сизга жичча қолди” деб астойдил юпатишга тушди. Ишонасизми, ўша куни жума эди, намозшомда қўнғироқ бўлди:
— Аяси, Ассалому алайкум!
— … Ассалому алайкум, дадаси яхшимисиз, тинчликми?
Жазони ижро этиш муассасаларининг тартибига кўра маҳкумлар белгиланган муддатда қўнғироқ қилишарди. Хўжайин бу имтиёзидан яқинда фойдаланганди. Таажжубим шундан.
— Аяси, мени афв этишмоқчи… Ҳужжатларни олиб келсаларинг. Ҳужжатларни ёзволинг…
Ич-ичимда вулқон портлади-ю, отилиб чиқди. Сўнг бўшашиб кетдим. Қўлим қалтирайди, гўшакни қайнотамга берибман-у, бир фурсат унсиз йиғлаганча, суратдек қотиб ўтираверибман.
Уларнинг “қизим, тез ҳужжатларни тўғрилайлик”, деган гапидан ўзимга келибман.
Фариштагинамнинг дуоси ижобат бўлиб, туши ўнгидан келди. Дадамиз амнистия қарорига кўра муддатидан олдин озодликка чиқди.
Мана ҳозир бағримиз бут, бахтимиз бутун. Тинчлик ва хотиржамликнинг қадрини мана биздан сўранг. Турмуш ўртоғим билан давлат ишига камарбастамиз. Бугун ўша кунларни тушдек хотирлайман. Энди билсам, ўтган кунлар, руҳимизни тоблаш, қалбимизни поклаш учун Яратганнинг синови экан. Ўткан кунларимдан розиман, чунки бизга кўп эшиклар очилди, ҳақиқатлар аён бўла бошлади. Ҳақ дунё саодатига эришиш учун Яратганнинг калтакларига ҳали ҳам эҳтиёжимиз бор.
Яқинда тенгдошларимнинг “гап”ида меҳмон бўлдим. Бундай давраларга азалдан “ҳушим йўқ”. Бу сафар ҳам ҳар галгидек, бош мавзу — зебу-зийнат, кийим-кечак, уй-жой, машина, бу орада қайнона, эрдан нолишлар, ғийбат… Ҳамма ўзини дардини дастурхон қилади. Ичимда Мавлонодан топганим: Роббимга қараб: “менинг буюк дардим эмас”, дардимга қараб: “Менинг буюк Роббим бор” деб ўтирибман. Руҳим озуқа олиш, тугул бироз ғуборлангандек. Даврада ўзимни бегона ҳис этдим. Уйга, жуфтим томон ошиқдим. Бизни икки қўш кабутарга ўхшатишади. Мудом бир-биримизга ошиқаверамиз. Тил билан севги изҳор қилмаймизу, ботинан бирлашиб кетган, бир танамиз гўё. Йўқ, бу муболаға эмас. Муқаддас ишқ қозонида қайнаётган, қоврилаётган муштарак қалблар қандай бирлашмасин, уйғунлашмасин?! Оқшомда турмуш ўртоғим билан “нафис мажлислар”ни давом эттирамиз. Қувончлиси, энди даврамиз кенгайган. Қизим кичик ва тийрак тингловчимиз. О, бу мутолаа — англаш завқини, ҳеч бир нарсага алишмаймиз. Вужудимиз титраб, руҳимиз инграйди, зиёдан кўзимиз қамашади. Бор бойлигимиз, бахтимиз, суянчимиз шу ИШҚ!
Сиз ҳам ишқнинг заррин нурларига чулғанмоқчи бўлсангиз, аввало сўз ва амални уйғунлаштиринг. Яратганнинг “калтаклар”ига эҳтиёжда, севги, қўрқув ва умидвор келинг. Нурга, оташга талпиниб келинг-да, ҳақиқий ишқ сурурини Мавлонодан сўранг: “Ишқни бийрон сайраётган булбулдан эмас, сассиз-садосиз жон бераётган парвоналардан сўра”.

Дил дафтарини оққа кўчирувчи Гулнигор