Ишқ бемори

Бир замонлар подшоҳлардан бири одамлари билан овга чиқди. Йўлда бир жорияни кўриб унга ошиқ бўлди. Жорияни катта пул эвазига сотиб олиб, саройига келтирди. Орадан уч тўрт кун ўтгач, жориянинг иситмаси кўтарилиб касал бўлиб ётиб қолди. Подшоҳ безовталаниб бутун ҳакимларини тўплади:
“Менинг ҳаётимнинг аҳамияти йўқ. Ҳозир жонимнинг жони касал, ётиб қолди. Кимки унинг дардига дармон топса, бутун хазинамни бахшида қиламан”,  деди.
Ҳакимлар: “Қўлимизда ҳар қандай касалликни даволайдиган дорилар бор. Сиз ҳеч ҳам хавотир олманг”, дея жавоб бердилар ва даволашни бошладилар. Бироқ ҳеч бир дори фойда бермади. Бемор кундан-кун сарғайиб сўлиб борарди. Ҳакимларнинг чорасиз қолганини кўрган подшоҳ саждага бош қўйиб, чин кўнгилдан Аллоҳга илтижо қилаётганда ухлаб қолди. Тушида бир пир кўринди: “Сенга хушхабар, эй подшоҳ» Тилакларинг қабул бўлди. Эртага саройингга бир киши келади. У бизлардандир, уни қабул қил. Беморни кўрсат!” деди.
Подшоҳ ҳаяжон билан уйгонди. Эрталабгача дарвоза олдида кутди. Шу вақт кутилган одам келди. Подшоҳ хурсандчилик билан қарши олди.
Ҳол аҳвол сўрагандан кейин касалнинг хонасига олиб кирди. Ҳаким беморни узоқ вақт текширди ва кўнгил хастаси эканини англаб етди. Подшоҳга: “Ҳакимлар беморни қийнаб қўйишибди. Ҳозир уйда ким бор бўлса чиқсин. Бемор билан ёлғиз.қолишни хоҳлайман”, деди. Уйда ҳеч ким қолмади. Ҳаким беморнинг томирини ушлаб, сўрай бошлади:
“Қайси юртдансан? Қариндошларинг кимлар? Кимларни кўпроқ севасан?”
Қиз бутун сирларини очиқ айтди. Ҳаким бир қўли билан қизнинг томирини ушлаб тинглади ва томир уришини диққат билан кузатди. Чунки ҳаким томир кимнинг номи айтилгач тез урса, кўнглининг истагани ўша эканлигига, қизнинг унга ошиқ бўлганига қарор қиларди. Бир неча исмлар саналди, бир қанча мамлакат номлари айтилди. Аммо, томир уришида ўзгариш бўлмади.
Ниҳоят Самарқанд тилга олинганда, бемор томирининг кучли ургани билинди.
Ҳаким такрор сўради ва охири жориянинг Самарқандда бир заргарга ошиқ бўлганини англаб етди. Ҳаким тезда подшоҳнинг олдига бориб, қизнинг дардини айтди. Сўнгра заргарни олиб келиб қизга уйлантиришди. Жория қиз касалликдан шу тариқа халос бўлди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан