Ҳиндистон шоҳининг Маҳмуд Ғазнавий қўлига асир тушгани

Ҳиндларнинг қари бир подшолари бор эди. Султон Маҳмуд билан жангда асир тушди. Уни банди қилиб Маҳмуд олдига келтирдилар. Султон уни афв этди ва ҳиндлар шоҳи мусулмон динини қабул қилди. Мусулмончиликда Аллоҳни яқиндан таний бошлади, икки оламдан кечиб, Аллоҳ ёдида ибодатлар қиладиган бўлди. Бир хаймада хилватда танҳо ўтириб, Аллоҳ ишқида тунни кунга, кунни эса тунга улаб нола қиларди. Ҳар доим ўртаниб йиғларди, туни кундуздан, кундузи тундан ҳам оғир кечарди. Унинг зор-зор нола қилиб йиғлашлари Маҳмуд қулоғига етди.
Султон уни ҳузурига чақириб деди:
– Сен нега бунча йиғи-сиғи қиласан? Кўп оҳ-воҳ қилма, хоҳласанг мулкингни ўн баробар қилиб қайтариб бераман. Агар сен шоҳсен, сенга оҳу нола, йиғлаш ярашмайди.
Ҳинд шоҳи деди:
– Эй султон, мен мулку мол, мамлакат ва тахт учун йиғлаётганим йўқ. Менинг йиғимнинг сабаби шуки, қиёматкуни Зулжалол мендан:
– Эй бадаҳтсу бевафо, мендай холиқингга жафо қилиб, то Маҳмуд бир жаҳон лашкар тортиб олдингга келмагунча, мени ёд этмадинг. Бу вафоу ваъдани бузиш эмасми? Шундай экан, сенга ўхшаганларга беҳисоб лашкар билан ҳужум қилиш лозим, токи ўзларингни ва ўз Рабларингнинг ҳақини таниб олсаларинг. Лашкар ҳужумига дуч келмай, мендай дўстингни ёдга олмадинг, энди айт, сени дўст деб атайми ёки душманим дейми? Қачонгача мендан вафо кўриб, эвазига менга жафо қиласан? Вафодорлик шарти бундай эмас. Агар Ҳақ таолодан шундай хитоб етса, нима деб жавоб бераман? Бу хижолат ва шармандаликка қандай чидайман? Эй султон, бу қариянинг йиғлашига боис шудир.
Инсоф ва вафодорлик сўзини эшит, эзгулик девонидан мана шу тариқа дарслар ўқи! Агар вафодордирсан, йўлга чоғлан, бўлмаса бир жойда ўтириб, бу ишдан қўл тортгин. Вафо маъносидан ташқарида бўлган жами нарсалар жавонмардлик бобида раво эмас.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.