Имом Фахр Розий ва Султон Муҳаммад

Имом Фахр Розий билан султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ҳаммомда дўстлик шамъини ёққанлари ва имомнинг сўзи билан султоннинг такаббурликдан воз кечгани

Сирдонлар даврасининг подшоси, дунёдаги барча диндорларнинг имоми Фахриддин Хоразмни ўзига оромгоҳ қилганда, уни кўришга Хоразмшоҳ келмади. У сўраб, бунинг олдига келмагандан кейин, илмининг қадр-қимматини сақлаб, бу ҳам бормади.

Шоҳ ўз қилмишидан уялиб, пушаймон бўлди. Лекин имом бунга парво қилмади. Орада кўп пардали гап-сўзлар ўтди. Ўртадаги парда эса кўтарилмагандан сўнг бу гап-сўздан не фойда.

Бир куни имом ҳаммомга тушган эди. Шоҳ ҳам ҳаммомга йўл олди. Улар бир-бирлари билан кўришиб, шоҳ унга очилиб шундай савол берди:

— Эй, ўз илми билан элни баҳраманд этган, қиёмат ишларидан бир хабар бер-чи. У кун қандай машаққатлар юз беради? Ҳар бир кишининг аҳволи нима бўлади?

Шоҳ шундай маъноли саволни берган эди, камолот эгаси бунга шундай жавоб берди:

— Эй қиёмат кунини билишни орзу қилган одам, қиёмат ҳақидаги саволга энг монанд жой шу ҳаммомдир. У ерда ҳам шоҳ билан гадо бир хил аҳволга тушиб, шоҳу гадо барчаси яланғоч юради. Амалдорлар, катталар ҳаммаси сенга ўхшаб, ичкарига киргач, бору йўғи ташқарида қолади. Илму хунар эгалари эса менга ўхшаб, нима йиққан бўлса, ўзи билан олиб киради, вассалом. Султонликдан сенга у куни кўп фойда йўқ, лекин менга илмим туфайли яхшилик кўп бўлади.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан