Икки сўфийнинг ўзаро хусумат қилиб, қози олдига борганлари

Хирқа кийган иккита сўфий ўзаро жанжал қилиб, қозихонада ҳозир бўлдилар. Қози уларни бир бурчакка олиб бориб, дедики:
— Жангу хусумат сўфийликка ярашмайди. Эгнингизга Аллоҳга таслимлик тўнини кийиб олгансиз, нима учун бу хусуматни бошладингиз? Агар сизлар жангу жадал, қасду кина одами бўлсангиз, бу либосларни ечиб ташланг. Ва агар бу тўнлар билан бирга бўлсангиз низо ва жанжал қилманг. Мен бир қозиман, маънавий (сўфий) одам эмасман. Аммо бу кийимлардан қаттиқ уяламан. Бундай хирқа кийгандан кўра, парда ичига яшириниш, яъни паранжи ёпиниш афзал.
Сен ишқ ишида на хотин, на эрсан, жаҳолат билан бирга бўласан, шундай бўлгач, ишқ сиррини ҳал этоласанми? Агар бу майдонга киришга азм этган экансан, бошни бериб, жон таркини этишга тайёр бўл! Ва агар ишқ йўлининг сиррига мубтало бўлсанг, ўзингга балодан зиреҳ кийиб ол. Сен бундан бошқа даъват қилиб бош кўтарма, бўлмаса расволик ботқоғига ботиб кетасан.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.