Гуноҳкор одам ҳикояти

Бу одам кўп гуноҳ қилган эди, гуноҳларидан уялиб, тавба қилди ва тўғри йўлга кирди. Аммо нафси ғалаба қилиб, тавбани унутиб, яна шаҳватга берилди. Яна бир муддат йўлдан адашиб, ҳар хил гуноҳ ишларни қиларди. Шундан кейин дилида шундай бир дард пайдо бўлдики, хижолатдан ўзини қаерга қўйишни билмасди. Ҳаракатлари натижа бермасди, тавба қилай деса, яна бузиб қўяман, деб қўрқарди. Кеча-кундуз қозонда қовурилаётган буғдой донасидай дилида ўт, кўзларидан қонли ёш оқизарди. Агар йўлида чанг-ғуборлар қўнса, унинг кўз ёши ювиб ташларди. Бир куни саҳарда қулоғига ғойибдан овоз келиб, мушкулини осон этди.
Овоз деди:
– Аллоҳванди жаҳон дейдики, эй фалончи, аввалда тавба қилдинг, афв этдим. Сен тавбани буздинг — жазолашим мумкин эди, лекин жазоламадим. Иккинчи марта тавба қилдинг ва яна буздинг. Муҳлат бердим, ғазаб қилмадим. Энди хаёлингда яна тавба қилиш бор, эй бехабар. Яна тавба қилиб, Мен томон қайт, эшикларим очиқ, сен – жиноят қилувчи, Биз – кечирувчимиз.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.