Энг яхши нутқ

Бир куни турли касб эгалари йиғилиб гурунглашарди. Уларнинг ҳар бири ўз ҳунарига хос бўлган сўзамоллик ҳақидаги фикрини баён қилдилар.
Гапни заргар бошлади:
— Сўзларни нозик ипга термоқнинг энг яхши усули — уларни зийракликнинг ўткир тиғи билан тешиб, ундан тафаккур ипини ўтказиб, улар маъно-сининг ёрқин дурларини нутқ маржони шодасига бирлаштирмоқ ва уни гапираётганнинг бўйнига илмоқдир.
— Энг хушбўй нутқ, — дея гапни илиб кетди мушки анбар билан савдо қилувчи, — сўзларининг муаттар ҳиди фикр мушки билан омухта қилинган нутқдир. Ана шундай фикрни эшитганингда хуш бўйини ҳис этасан ва муаттар ифоридан нафас оласан. Сўзамол нотиқлар унинг атрини яхши кўрадилар, назокатли кишилар унинг хуш бўйидан ўзларига оро берадилар.
— Яхши нутқ, — гапга қўшилди тилла буюмлар ясовчи уста, — фикр алангасида қиздириб, зукколик қозонида қайнатилгач, унда теран маънонинг тоза олтини ялтираб туриш учун серсўз ланжлигидан тозаланган ваъздир.
Суҳбатга сарроф аралашди:
— Яхши нутқ, яроқли танганинг яроқсизидан ажратадиган тажрибали қўлга ўхшайди. Бундай қўлда сўзларга донолик нигоҳи билан сайқал берилади ва сухандонлик тарозисида шундай тортиладики, ҳеч кимнинг кўзи сохталик кўрмайди, ҳеч кимнинг қулоғи ёлғонни эшитмайди.
Гал темирчига келди:
— Энг чиройли нутқ онг босқонида дам берилиб, истеъдод қўрида яхшилаб тобланиб, сукут кўмирида тутиб туриб, англаш болғасида тобланган нутқдир, — деди у.
— Яхши нутқ, — деди дурадгор, — маъноси муҳокама ўроқ-рандасида яхшилаб йўнилиб, тушуниш болтасида текисланган бўлиши керак, токи у аниқ бўғин хонадонида эшик ва тоза ҳамда ажойиб тил уйида тўсин бўлиб хизмат қилсин.
— Энг гўзал нутқ, — деди гиламдўз, — маъно нақшлари билан безалган сўзлардан тўқилган гиламдир. Ана шундай гиламгина уни томоша қилаётган кўзларни қувнатади, тинглаётган қулоқни нафис товушлари билан завқлантиради.
Гапни чархпалак мироби давом эттирди:
— Энг тушунарли нутқ сўзлар челаги маъно ғилдирагига осилган чархпалакдир. Ўша челак донолик қудуғига туширилади-да, ундан оби ҳаётга тўлдирилади. Бу сув эса барча ноаниқликларни ювади, нутқ маъносини равшан қилади ва қийналаётганлар ташналигини қондиради.
Сўз навбати бўёқчига келди:
— Энг ёқимли нутқ, — деди у, — қисқалик жилваси хира тортмаган ва сўзга чечанлик ранги ўчмайдиган нутқдир; чунки тафаккур қўли унга жило беради.
— Энг яхши нутқ, — деди тўқувчи, — матодир. Зеро, матода сўз орқоғи ҳамда маъно асоси чамбарчас чатишиб кетгандир. Шунинг учун у зич ва ялтироқ бўлиб чиқади, гўзаллиги билан кўзингизни қамаштиради.
Гапга газмол билан савдо қилувчи аралашди:
— Яхши нутқ — сўзларига ҳақиқат тамғаси босилган, маъноси эса кўз олдингга ёйиб ташланган нутқдир; бундай нутқнинг ранги-рўйи у ўроғлик бўлса ҳам, ёйилган бўлса ҳам, яққол кўриниб туради.
— Яхши нутқ, — деди суҳбатга қўшилган сайис, — минишга ўргатилиб совутилган ва йўрғалашдан елиб чопишга ўта оладиган арғумоқдир.
Туялар карвонининг сарбони таъкидлади:
— Сўзамол одам — нутқни жиловидан ушлаб, фикр воҳасида туяни чўкишга мажбур этади, уни лўндалик билан кишанлаб, қисқалик майдонига қўйиб юборади.
Мусалласпаз ҳам бўш келмади:
— Сўзнинг энг узоқ сақланиб етилган мусалласи билан қозонида яхшилаб сиркаланиб, тушуниш докасидан ўтказилган ва донолик хумига қўйилганидир. Унинг хушбичимлиги лаззат беради, нозиклиги — чанқоғингни қондиради, ўйлари эса маст қилади.
Салқин ичимликлар сотувчи унга қўшимча қилди:
— Яхши нутқнинг сўзлари бемаъни шубҳалардан холис этиб, кишини тетиклаштиради. Унинг ўйларини ичиш эса осон ва шириндир.
Табиб деди:
— Яхши нутқ дори-дармондир. Унинг тиниқлиги хира фикр юритишдан даволайди, кишидан калтафаҳмликни ҳайдаб чиқаради. Соғлом фикр бахш этади.

Иброҳим ал-Хусрийнинг “Адабиёт гуллари” китобидан