Ҳеч қачон биров қўлидан шарбат ичмаган сўфий ҳикояти

Нафаси ўткир бир пири муршид бор эди. У бировлар қўлидан ҳеч қачон шарбат ичмаган эди. Биров дедики:
– Эй Аллоҳ назарига тушган одам, нега ҳеч бир шарбатга рағбат қилмайсиз?»
Сўфий деди:
– Ўлимни бошимда кўриб турибман, у шарбатни мендан бир зумда тортиб олади. Ана шундай ўлим бошимда турганда, мен шарбат ичсам, у заҳарга айланади. Муаккал билан шарбатим хуш бўлишни хоҳласам, у қанд шарбати — жуллобий эмас, ўт бўлади. Пойдорлиги бўлмаган ҳар нарса бир олам бўлса ҳам, бир арпа донича қимматга эга эмас.
Васлсиз бир соатлик роҳатни нима қилай, асли – пойдево-ри бўлмаган иморат омонатдир. Сен агар бахтдан хурсанд бўлсанг, бу – бир нафасли бахт, холос, бу билан ғурурланма. Ва агар бахтсизликдан ҳолинг танг бўлган экан, бу ҳам бир нафасдир — зорланиб юрма. Агар сенга алам етса, бу сенинг иззатталаблигинг, қудратга интилишинг оқибатидир, хорли-гингу ожизлигингдан эмас. Анбиёларга етган балоларни ҳеч ким Карбалода кўрсата олмайди. Суратда сенга азият, ғам бўлиб кўринган нарса, сифат — маънода буни кўра олган одамга ганж – хазинанинг ўзидир. Ҳар дамда сенга ундан юз иноят еткуси, сенинг бутун бойлигинг — аламларинг Унинг эҳсонидир. Унинг эҳсонини ёдга олмайсан, аммо Унинг озгина азобу ранжини тезда кўриб нола — фиғон қиласан. Шуми, ахир, дўстлик нишонаси? Эй, сен камақлу ғофил, сен ҳали мағз эмассан, моҳиятга етмабсан, сен пўчоқсан, дўст эмас, пўстсан, холос.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.