Дунёда алданиш

Бир юрт подшоҳининг суюкли ўғли бор эди. Ягона ворис эди у. Шаҳзода яхши тарбияланган ва турли билимларни эгаллаган эди.
Подшоҳ ўғлининг тўсатдан ўлганини туш кўрди. Хавотир билан уйгониб Худога шукрлар қилди. Бироқ кўнглига шубҳа оралади: «Агар ҳақиқатан ҳам ўлиб қолса, нима қиламан, тахтим вориси ким бўлади?» дея ўйлади. Ўғлини тезда уйлантиришга карор берди. «Ҳеч бўлмаса бир набиралик бўламан. У менга ворис бўлади». Фақир, лекин кўнгли бой бир дарвешнинг ойдек гўзал, хулқлик комила қизини ўғлига никоҳлади.
Хотини:
— Подшоҳнинг ўғли камбағал бир дарвешнинг кизи билан қандай турмуш қуради? Сеп қилиб бизга нима берадилар?  деса, подшоҳ:
— Пок бир кишига нисбатан камбағал дейиш хато. Унинг қалби бой, буни ҳам Аллоҳ беради,  дея тўй ҳозирлигини бошлади.
Не ҳолки, шаҳзода бу вақтда Қобилнинг бир сеҳргар хотини тузоғига илинган, унинг дардида ёниб куйиб, кўзи ёруғ дунёни кўрмаётган эди.
Бечора шаҳзода ишқ оловида эриб тугаяпти, соҳиранинг сўзини асло икки этмас, товонларини ўпарди. Ишқ боис юзи сарғайган, эти суягига ёпишиб қолган эди.
Подшоҳ чорасиз қолди. Ўғлини бу дарддан қутқариши учун мамлакатнинг барча табибларини чорлади, тонг отгунча Аллоҳга дуолар қилди. Шаҳзода эса ўтиндек ёниб, кундан кунга тугаб бормоқда эди.
Охири саройга уста бир сеҳргар келди. У подшоҳга:
Бу хотинга ҳеч ким бас кела олмайди. Шаҳзоданинг ҳолига ачиндим. Унга фақат мен бас кела оламан. Аллоҳнинг изни билан унинг сеҳрини бузиб ташлайман. Хотиржам бўлинг,  деб ҳозирлик кўрди. Нима қилиш кераклигини сўзлади. Дарҳақиқат, қисқа бир фурсатда сеҳр бузилди.
Шаҳзода ўзига келар келмас югуриб отасининг ҳузурига борди ва хижолат билан: «У кампир менинг ақлимни қандай олди?» деди.
Подшоҳ севинч билан фармон берди. Тўй бошланди. Бу вақтда сеҳргар хотин аламидан ўлди.
Шаҳзода никоҳнинг биринчи кечаси келинни кўриб лол қотди. Бу гўзаллар гўзалининг қаршисида ўзидан кетди.
Бир йилдан сўнг подшоҳ гап орасида ўғлига: «Ўша аввалги севгилингни ҳеч эслайсанми?» деб сўраганда шаҳзода:
— Ота, мен ҳозир бахт юртидаман. У алданиш юрти қудуғидан қутулдим,  деб Яратганга шукрлар қилди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан