Дарбадар одам ва туякаш

Уйсиз, жойсиз бутунлай дарбадар бир одам зиндонга тушди. Пули йўқ, кимнинг қўлида нон кўрса, қўлидан тортиб олар, қаерда егулик, ичгулик топилса, ўша ёққа борарди. Зиндондагилар бу одамдан безор бўлиб, соқчига шикоят қила бошладилар:
Тезда саломимизни қозига етказ, бу пасткаш одамдан ранжиганимизни, безор бўлганимизни айт. Бу очофат, еб тўймас пашша каби тонг отмасдан ҳар егуликка қўнади. Олтмиш кишинйнг таоми унга етмайди. Жонимизга тегди. Бизни бу одамдан қутқарсин!.
Соқчи маҳкумларнинг тилагини қозига етказди. Қози одамни зиндондан чақиртирди. Сураб суриштирди. нихоят маҳкумларнинг ҳақ экани аниқ бўлди. Дарбадарга қараб:
— Тез зиндондан йўқол . Бор, уйингга кет, кўзимизга кўринма дея хақоратлади. Юзсиз одам қозига:
— Агар мени зиндондан ҳайдасанг, очлиқтан ўламан. Менинг на уйим, на мол мулким бор. Зиндон менга жаннат. Мен ғирт дарбадарман, деди. Қози яна суриштириб чиқди. Ҳақиқатдан ҳам бу одамнинг ҳеч кими йўқлиги, фирибгар бир дарбадар экани маълум бўлди.
Жарчиларни чақиртириб шу амрни берди:
— Бу одамни шаҳарда айлантиринг, бу аҳмоқ ва муттаҳам дарбадардир” дея эълон қилинг. Ҳеч ким унга қарз бермасин, нарса сотмасин.
Жарчилар одамни маҳкам боғладилар. Уни шу ердан ўтаётган бир ўтинчининг туясига миндирдилар. Туякаш:
— Раҳм кдлинглар, менинг ишим бор, деса ҳам ҳеч ким қулоқ осмади, эшитмади.
Туянинг тизгинини қўлига бердилар. Жарчилар довул чалиб, шаҳарни айландилар. Халққа:
“Эй одамлар, шу туяга минган одамни яхши таниб олинг. Бу одам ҳийлагар, мутгаҳам, дарбадардир. Унга насияга нарса сотманг, қарзга пул берманг. Ҳатто сизга, сотиш учун ҳўкиз келтирса ҳам ишонманг. Агар алданиб, бу одамдан даъво қилсангиз, ҳеч қандай жазога тортилмайди, зиндонга ҳам ташланмайди. Яхшилаб кўриб, таниб олинг!” дея эълон килишарди. Шу ҳолатда майдонларни, кўчаларни кездилар. Қоронғу тушгач, одамни туядан тушириб қўйиб юбордилар. Туякаш дарҳол дарбадар одамнинг ёқасига ёпишди:
Ҳой қаёққа кетяпсан? Кечгача сени бекорга айлантирдимми? Инсофинг борми? Ҳеч бўлмаса туямнинг сомон пулини бериб кет…  деди.
Дарбадар одам туякашга шундай деди:
— Эй, сенда ўзи ақл борми? Биз кечгача нима деб айландик… Қулоғинг том битганми? Довул чалиб жарчилар томоқларини йиртдиларку. “Бу одам дарбадар, пули йўқ, алданманг”, дея етти қават осмонга эшиттирдилар. Ажабо, сенинг қулоғинг таъмагирлик билан тўлганми? Таъмагирлик инсонни ҳам кар, ҳам кўр қилади
Туякаш турган жойида қотиб қолди.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан