Чин ўтлоғидаги шер овловчи оҳу

Чин ўтлоғидаги бир мушкин оҳунинг шерларни овлагани, мажруҳ овларнинг унинг тузоғига илиниб, шер панжасидан ажал тупроғи билан баробар бўлгуни

Чин мамлакатида бир нозанин бор эди. Унинг суратини чизишга Чин рассоми ҳам ожиз эди. Юзининг гулзори Хўтан диёрини эслатарди; кўзи шу гулзорда юрган мушкин оҳуга ўхшарди. Нурли юзи Чинда чизилган суратдек бўлиб, гажаги Хўтан мушкидек хушбўй эди. Шафқатсиз ғамзалари жонларни асир қилар, ҳатто унга Хитой мамлакатининг хонлари ҳам асир эди. Гъамзасининг ўғринча ҳаракатларидан Чин хатарда; сочи зунноридан дин зиён топарди. Дунёдаги одамлар унинг ҳуснига ошиқу ҳайрон; замон шоҳи ҳам унинг зулфига гирифтор эди. Бир нафас усиз нафас олмас эдилар; у бўлмаса жонсиз бўлиб қолиб, нафас олиш мумкин бўлмай қоларди.
У гул юз майдонга чиққанда гўй ва чавгон ўйнашга берилар эди. Хон ўзи унга ҳамроҳ бўла олмагани учун бир неча соқчиларни унга қўшиб юборар эди. Бирон киши унга кўз олайтирса ёки унинг ҳақида бир нарса деса, махсус нойиблар унинг айбини хонга айтар эдилар; хон ҳукми билан ундан қасос олинар эди. Бирон кун йўқ эдики, қанчадан-қанча ошиқлар шу хилдаги балодан халокат топмаган бўлсин.
Кунларнинг бирида унинг қилиқларини севиб қолган бир ошиқ ишқ-муҳаббат йўлида содиқлик кўрсатиб, унинг дарду хасратидан йиллар давомида қон ютиб, қон ҳам эмас, хижрон майини ичиб, ошиқ хасдай бир гўшада ётганида, ёнидан севгилиси от ўйнатиб ўтиб қолди. Висол кайфи – кучли, ошиқ – заиф эди. Чидаёлмай хушидан кетиб йиқилди. Тайинланган одамлар биринчи бўлиб ошиқни, қолаберса бошқаларни хоннинг олдига олиб келишди. Хон бу бечора мазлум асирларни кўриб ўлдириш ҳақидаги ҳукм билан уларга ғазаб қилди:
– Буларнинг ҳаммасини ер билан тенг этинг, пахсанинг орасига олиб, улардан девор қилинг, юзлари девордан ташқарига чиқиб турсин; ҳамма томондан халқ уларни кўриб, ибрат олсин. Бу қахрдан одамлар ҳисоб олиб, улар кўп азоб чекиб ўлсин.
Жазоловчилар бу буйруқни билиб, ҳукм қанақа бўлса, ўшандай бажардилар. Заррин оҳу тоғ орасига яширингач, енгил шабада хўтан мушки ни соча бошлади. Дашт ерда базм қурган хон отланиб шаҳар томон йўл олди. Май бошини, ишқ ўти баданини қиздирар эди. Шаҳарнинг нозанини ҳам ёнида эди. Уларнинг йўли халиги пахсанинг олдидан ўтди. Ҳар томондан юз хил нола ва фарёд эшитилар эди. Хусуматкор шоҳ одамларини қолдириб, ўша томонга борди. У жазога буюрилганларнинг ишқ йўлида қанчалик мустахкам тура олишларини билмоқчи бўлди. Пахсанинг орасида бир тўда тутқунлар кўринди. Уларнинг ҳар бири ўз аҳволига йиғлар эди. Уларнинг ҳаммалари пушаймон бўлиб турган эдилар. Фақат бир ўша соф кўнгил ошиқ ишқнинг бу балоларига яхши қараб, юзи касалманд, сарғайган, ёмон бир аҳволда, девор орасида бир сомон каби турар эди. Ҳар лаҳза Тангрига сано айтиб, шукр қилишни жойига қўярди:
– Шу фурсатда менинг жоним чиқаяпти. Ёрнинг ғами эса буни осонлаштиради,- дерди у. Умридан икки-уч нафас қолганда ҳам у ёр сўзини сўзларди, холос. Тилида ҳам ёр эди, сўзида ҳам, оғзида ҳам ёр эди, кўзида ҳам. Золим ҳукмдор уни кўриб, кўнглига ишқ ўти таъсир қилди; уни ўлимдан халос этиб, ёрнинг ҳарамига хос махрам қилди. Ишқ балоларига шукр қилгани учун, боқ, у қандай улуғ, юксак мартабага эришди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан