Чин тоғи устида тошга айланган мард ҳикояти

Бир одам Чин тоғида тошга айланди. Ҳар замон кўзидан заминга ёш оқизарди. Зор-зор кўз ёшлари ҳам заминга тўкиларди ва тошга айланарди. Шундай тошларки, агар бу тошлар булутга аралашса, ундан надомат жоласи ёғиларди, бу одам Чинда машҳурдир, борсанг излаб топгин. Бу одам илм ҳайкали эди. Лекин илм ҳимматсиз одамларнинг қўлига тушса, илм ундайларнинг қўлида мўминлар учун кофир қўлидаги тош каби кулфат келтиради.
Аслида бу дунё машаққатли тор бир саройдир. Бундай тор ва қоронғи жойдан қутулиш учун илм чироғи сенга раҳнамо бўлсин. Илм жавҳари сенга жонфизой (жонбахш) бўлиб, йўл қўрсатади. Агар сен илмсиз бўлсанг, бошдан-оёқ қоронғиликда қоласан. Жаҳонгир Искандар (устози Арастудан узоқлашгани сабабли) раҳбарсиз қолди (ва фожеага учради).
Агар сен илм жавҳари атрофида айланаверсанг, уни топмасанг ҳам, пушаймон бўлмайсан, хушнудлик топасан. Охиратда бахтсиз бўлгандан кўра бу дунёда ёмон ишлардан пушаймонлик топиш ҳам яхшидир.
Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жон фақирдир. Билсанг, бу дунёда жон-руҳ ғариб ва у дунёда тан заифдир. Шу заифлиқдан қутулишни истасанг, ғариб руҳ яшаётган жойдан ташқарига чиқ (тоғу даштларга чиқ), ана шу жойлар хос одамларнинг жойидир*.
Агар ана шу хослар манзилига етсанг, ҳар қадамингда, ҳар нафасда юз турли сирларга ошино бўласан. Мабодо бу йўлда сенга насиба етса ўзлигинг (манманлигинг) йўқолиб, бошингдан оёғинггача навҳа-йиғига айланади. Кечаю қундуз шубҳали таом ейишдан сакдан.
Талаб водийсида нени излаётганингни равшан бил, камликни, камтаринликни талаб қил. Кундузи кам е, кечаси кам ухла. Шунда ўлсанг ҳам гўринг нурга тўлади.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.