Боязид Бистомийнинг ғамгин ҳоли

Билимдонларнинг султонини ғамгин ҳолда кўриб, муридда савол тили очилгани ва қониқарли жавобларни эшитиб, андухлик кўнглини бўшатгани

(Кунларнинг бирида) Боязид* хафа ҳолда ўлтирган эди, буни кўриб бир муриди унинг хафачилигининг сабабини сўради.
— «Эй (доим) осмони фалакнинг устида юрган, Арш фазосига ҳам қадами етган устоз! Кўнглинг қандай бир ишдан бу қадар эзилмоқда? Бундай қийналишингга нима сабаб бўлди?»
Пир кўзидан ёш тўкиб, ҳатто ўтли бир оҳ тортиб, деди: «Бу шундай ғамки, мени адо қилди. Бу ғала-ғовур билан тўла дунёда одамлар кўп-у, аммо ҳеч ким йўқдек. Ҳар кишининг кўзига ўзининг иши яхши кўриниб, бошқа бир одамни йўқлаган ҳақиқий бир инсон йўқ! Бу атрофда бундай киши борлигини аниқ билмайман. Бўлса ҳам, дунёдан ўтиб кетган кишилар орасида бўлиши мумкин.
Бу жавобдан савол берган изтироб чекиб, яна деди: «Эй Қуёшдек олижаноб зот! Эл орасида бундай одам йўқ деяр экансан, о.ъшандай (буюк) кишилар доирасига ўзинг мансуб эмасмисан?»
Шайх жавоб берди: «Эй (доимий) иши гумроҳлик бўлган, (бўлаётган) ишларнинг сирларидан ҳам огоҳлиги бўлмаган инсон! Мен ўзим ҳам ўзимга ўхшаган юз минг сарсон-саргашта юрган, кўзининг ёшлари бағрининг қони билан қоришиб кетганлардан мен. (Агар бу дунёдан) кимки имон билан кетмаса, билгилки, бундайларни одам дейиш мумкин эмас.
Оламда қанчадан-қанча катта ва кичик менга ўхшаган, сенга ўхшаган ҳар хил одамлар бўлиб, ҳаммамиз шундай ташвиш тиғидан жароҳатда, барчамиз шундай мотамга гирифтормиз.
Кимнинг ичи бундай ғуссадан қон бўлмаган? Бу гапнинг маъноси кимга аён эмас?
Бирон киши жони билан видолашар экан, унинг имони бўлмаса, демак, унинг (у дунёга ўзи билан кетадиган) ҳамроҳи ҳам йўқ. Қачонки жаҳон аҳлининг барчасида аҳвол шундай экан — буёғида саволга ўрин йўқ».
Савол берган мурид бундай дурга ўхшаш маъноли гапларни қулоғи билан эшитар экан, оғзи садаф оғзидек хомуш бўлганича қолди.
_________
* Боязид Бистомий — тасаввуфнинг энг йирик намояндаларидан бири (874-йилда вафот этган).

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан