Бойўғли ва қуёш ҳикояти

Ажойиб гапни эшитинг-а! Бойўғли дермишки:
– Эй бехабар, мен бу қуёш билан ойни на қилай? Тутилганда қораядиган, ботганида қоронғи бўладиган, юзи сарғайган, мотам кийимини кийган, доимо порлаб турмайдйган, дарбадар кезадиган офтобнинг кераги йўқ. Унинг ўзи бошқалардан кўра ҳаққа ташнароқ, шафақпайтида эса қонга беланган қонхўр кабидир. Агар шунақа офтобни кўрмас эканман, майли кўрмайин, зарари йўқ. Чунки бошқа офтоб бор.
Эй инсон, сен бир кеча ухламай, бедор бўл, шунда тун кечада сен ҳақиқий қуёшни равшан кўрасан. Эй ғофил киши, менинг кундузим тун кабидир, аммо Аллоҳ нурини порлатув-чи офтобим шундадир. Тунда ул офтоб юз кўргузганда, олам халқини ухлатиб қўяди. Кўкдаги офтоб ул офтоб зиёсининг аксидан уялиб юзини беркитади, шармандаликдан у қочиб кетади, кеча-кундуз деган тушунчалар ярим тун келиб баробар бўлиб қолади. Аммо кимки мендай маҳрам бўлса, унинг офтоби қоп-қоронғи тундадир. Агар ана шундай Қуёш тунда сенга насиб этилса, агар кўр бўлсанг ҳам ухлашинг мушкулдир. Бутун тун давомида мен ухламай чиқаман, ул Қуёшнинг атрофида ёниб-ўртаниб парвонадай учиб айланаман. Мажозий қуёш юз кўрсатганда, биз бойўғлилар зулмат оғушида қоламиз.
Агар Илоҳ офтоби тунларда нур таратар экан, йўлга кирганлар зулматда ухламайдилар. Агар қарчиғайлар каби ҳимматинг баланд бўлса, ўтирадиган жойинг султоннинг қўли бўлади. Агар паст ҳимматликда пашша каби бўлсанг, худди пашша каби беҳурмат, бееътибор бўласан. Воқеан, агар пашшадай нуқсонинг бўлса, бору йўғинг номаълум, нобуддирсан. Кимки ҳиммат эгаси бўлса — мард эрур. Қуёш каби кўкда ягона бўлур. Агар гавҳар каби олиҳимматсан, шоҳ тожида жойинг белгилидир. Агар ҳар қандай арзимас нарсага қараб пастлашаверсанг, шоҳ қўлидан жом олиб ичолмайсан.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.