Бир ғуломнинг шоҳ қизига ошиқ бўлгани

Бир Ҳусрав (шаҳаншоҳ) бўлиб, офоқ (уфқлар), кўп мамлакатлар унинг фармони остида эди. Унинг қасри-айвонида бир моҳ — қизи булиб, ҳусн-жамолда париларнинг рашкини келтирарди. У қиз дилбарликда баҳорни ва сарв ҳамда гулни эслатарди. Унинг дардида юз дил мажруҳ, нозик баданидаги ҳар бир мўй руҳга ўқ бўлиб санчиларди. Уни кўрганлар жаннат – фирдавсга киргандек бўларди, ажмо қошларининг қавси-камонидан тир борон-ўқлар ёғдириб, сийналарга доғ соларди. Қошлари ҳуснига санохон эди. Наргисдай хумор кўзлари мижгонлари ўқига учраган ҳушёрлар ҳам маст бўлиб йиқиларди.
Бу ой юзли узроваш, хуршид чеҳра гўзалликда сипеҳр-фалак моҳидай эди. Дур ва ёқут лаблари жонга қут-мадор, бундан руҳул-қуддус фаришталар ҳам мабҳут-ҳайратда эдилар. Ханда қилиб жилмайганида лабларининг оби ҳаёти ташна мардлар жонининг закоти эди. Яноғидаги кулгичининг чуқурини кўрган одам сарнигун бўлиб, чоҳга қулар эди. Бу моҳчеҳранинг тузоғига сайд бўлиб илинган одам беарқон боғланиб, чоҳга тушар эди.
Шаҳаншоҳ хизматида ҳам бир ой юзли ғулом (навкар, соқчи) бўлиб, унинг жамолини кўрганлар қуёш ва ойнинг заволини кўргандай, оламни ғавғога тўлдирар эдилар. Бу хуршид юзли (навкар) даврасида кўча-кўйга чиққанида одамлар назарида қуёш ҳам хира тортгандай бўларди.
Бир куни тақдирдан бўлиб, шоҳ қизи ана шу ой юзли ғуломни қўриб қолди ва қўнглида бир оҳ тортди. Дили беқарор бўлиб, қонга тўлди, бошидан ақлу ҳуши учди. Ул йигитнинг ишқида қизнинг ақл-ҳуши кетиб, ишқ зўрлигидан ширин жонида аччиқлик ва шўрлик пайдо бўлди.
Қиз андиша, ибо билан ўзини қўлга олишга шунча уринса ҳам ишқ ва фироқ оташида жони куйиб –  ёнаверди.
Адо қилмиш қизни бу ишқ ва фироқ, Жон бўлди асири дарду, дил пур – иштиёқ.
Шоҳ қизининг икки гўзал канизаги бўлиб, иккаласи созанда ва хонанда — мутриба эди, ашула айтсалар, хуш овозлари олий мартабада эди. Сарой булбуллари бўлган барча созандалар бу икки мутрибанинг Довудий лаҳни гўзал овозига жонфизой эдилар.
Жону танида қарори қолмаган ой юзли қиз ному нанг (уят, андиша)ни йиғиштириб, мана шу канизакларига мушкул ҳол-аҳволини баён қилди. Жонон гар ишқини яқинларига ошкор қилмаса, жони танини тарк этиш эҳтимоли бор эди. Ой юзли деди:
– Агар ғулом йигитга ишқимни айтмасам, адои тамом бўламан. Дабдаба, ҳашаматимда зиён кўрсам ҳам, ўшал ғулом йигитга етишмасам ҳолим оғирлашади. Агар ҳолимни сиз яқинларимга айтмасам, дилим қарори йўқолиб, ҳалокатга учрайман. Сабр ҳақида юзлаб китоблар ўқиганим бекор бўлиб, энди бесабру беқарор бўлдим. Шундай бир чора-тадбир топингларки, у йигитни яширин қошимга келтиринг-лар, токи мен у шўх сарвнинг васлидан баҳра олай. Лекин йигит бу ерга қандай келганини ўзи билмасин. Агар шу мақсудим ҳосил бўлса, жонимнинг кори битар, дилим ти-лаги — комига етар эди.
Хуш овозли канизаклар шоҳ қизининг бу сўзларини эшитдилар ва:
– Эй, бекамиз, дилингни хуш қил, биз бу ишни уддалаймиз, бу кеча у йигитни қошингга келтирамиз, дедилар ва бир ажойиб иш қилдилар. Кечаси гўзал канизаклардан бири ғулом йигитнинг ҳужрасига бориб, унга шароб жомини тутиб, соз чалиб, ашула айтиб, кўнглини олди. Яна ва яна май тутиб, йигитни пайваста меҳмон қидди. Ғулом йигит маст бўлиб, ақл-ҳушини йўқотганида, бошқа канизаклар келдилар ва сиймбар, икки оламдан бехабар ғулом йигитни кўтариб, яширин йўллар билан шоҳ қизининг
ҳузурига етказдилар.    
Ярим кечада ярим маст йигит бироз ўзига келиб, кўзини очганида ўзини жаннатмонанд қаср боғидаги бир чодир меҳмонхонада, заррин тахт устида, шоҳ қизи — ой юзли ёри билан ёнма-ён ўгирганини кўрди.
Мушк-анбар ҳиди ўн шаъмли чодирни ёритар, уд новда-лари ёниб, атрофга хушбўйлик таратар эди. Йигит бу ерда самовий санамларни кўриб, жону тани ақлу жони билан видолашди. Унинг назарида барча эшиклар ўртасида шоҳ қизи шамъ нурига чулғаниб, хуршид турарди. Бу ўртада ҳамма шод ва муродига етган ғулом йигит қиз чеҳрасига боқиб, ҳушини йўқотган эди. Қалби ишқ билан лиммо-лим, тили лол эди. Бу ерда жон ҳам, ақл ҳам бу оламда эканлигини тушунмай, ҳайронликда қолганди. Кўз олдида дилдор рухсори, қулоғида мусиқори – созанданинг хуш оҳанглари. Димоғида мушк-анбарнинг хушбўйи, оғзида дилдор лабининг оташи ўйи эди. Шу ҳолатда шоҳ қизи ғулом йигитга май тўла қадаҳни пайдар-пай узатар, йигит уни ичиб, газаги учун қизнинг ширин лабидан бўса олар эди.
Йигит кўзлари гул юзда, қиз эса севиклисига етишганидан севиниб йиғлар, буларнинг аҳволини кўрганлар ҳайрон эдилар. Қиз гоҳ уялиб ерга қарар, гоҳ йигитга нигоҳ ташлаб йиғлар эди. Кўз ёшлари сел бўлиб окар эди. Гоҳ шакар лабидан бўса берар, гоҳ бу бўсадан жигарига туз сепилар эди.
Гоҳ саркаш, ўжар зулфи каби ҳоли паришон, гоҳ ишқ дарди уни сеҳр-жоду қилиб, ҳушидан айирган эди. Ғулом, навкар йигит май таъсиридан ва қизнинг дилнавозлиги, меҳрибонлигидан маст бўлиб, гоҳҳушини йўқотар, шоҳяна ҳушига келар эди.
Висол ва май таъсирида йигит масту беҳуш бўлиб, ўтир-ганича, Машриқдан субҳ келганини, тонг отганини ҳам билмай қолди. Тонг отиб, шаббода (гуллар атрини сочганида, йигит қаерда ўтирганини ҳам унутиб ухлаб қолди).
Канизаклар бахтиёр йигитни ҳеч кимга билдирмай яна ўз жойига, ҳужрасига олиб бориб қўйдилар. Бир мунча вақт ўтгач, йигит ўзига келиб, кечаси кўрганларини эслаб, не воқеа бўлганини тушунмай, ҳайрон бўлиб қолди. Кечаси кўрганлари ростдан бўлганми ё тушида кўрдими, билолмай, жигари хунга тўлиб, сўнг бошига етди. Йигит тоқатсизланиб, ўзини қўярга жой тополмай, танидаги либосини йиртиб, тепа сочи тикка бўлиб, аламидан бошига тупроқ соча бошлади. Тироз шамъи (туркистонлик) бу йигит қиссасини сўраганлар-га айтар эдики, бу қиссани яна айтишга кучим етмайди. Мен висол қувончидан сўнг ҳижрон, фироқ дардига чидай олмай, масту хароб бўлганимни кўрдим. Ҳеч кимса ҳатто тушида ҳам бундай аянчли аҳволга тушмаса эди. Мен бошимдан ўтган бу воқеани ўнгимда кўрдимми, тушимда кўрдимми, билолмай ҳайронман. Ўша кўрганларим мен учун ғаройиб сир бўлиб қолди, бу сирни ҳеч кимга айтолмайман. Фақат шуни менга айтадиларки, ўшандай бир ой юзли бор ва ўшандай бир боғ бор, деб эшитганмиз, лекин ўзимиз кўрмаганмиз.
Йигит айтар эдики, у воқеанинг ҳаммасини ўзим кўр-димми, бошқа биров кўрдими, бундай воқеани мастликда кўрдимми ва ё ҳушёрликда бировдан эшитдимми, билолмай, дармондаман ва музтарман. Мен кўрганларимни ҳамма одамлар эшитмаган.
Оқиллар айтар эдиларки, йигит бу воқеани тушида кўрган, сўнг ўнгимда кўрдимми, ё тушимда кўрдимми, деб девона ва шўрида бўлиб қолган.
Йигит айтар эди:
– Мен бу воқеани хаёлимда кўрдимми, тушимдами, уйғоқликдами, огоҳ эмасман. Жаҳонда шундай ажабтовур воқеалар бўлар эканки, улар ошкорами, ниҳон-яширинми, билиш қийин. Бу ҳақда айтолмайман, лекин айтмасдан ҳам туролмайман. Бу воқеани шу орада кўрдимми ва ё нариги дунёдами. Жоним қайси замонга бориб, қайтиб келган? Мен ўша (бахтли) замонимдан заррача нишона топмадим.
Мен у замонда ҳақ камолидан бир соҳибжамолни кўрган эдим, бу замонда ҳеч кимса у ҳолдан нишона кўрсатмади. Унинг офтобмонанд чеҳрасидай гўзал юзнинг заррасини ҳам тополмадим. Валлоҳи олам бис-савоб (бундай сирни Аллоҳ билгувчидир)-
Ўша воқеани аввал кўрганим ҳақида кейинчалик нима дейишни ҳам билмай қоддим. Мен у бахтиёрликни қайси оламда кўрдим экан, ҳар икки олам орасида сарсон-саргардонликдаман.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.