Бир қулнинг подшоҳ қўлидан мева егани ҳикояти

Бир яхши хулқли подшоҳ бор эди. Бир кун у ўзининг қулига бир дона мева берди. Қул мевани подшоҳ қўлидан олиб, ниҳоятда хурсандлик билан ея бошлади, қул шундай мазза қилиб мевани ер эдики, гўё дунёдаги энг хуштаъм, ширин таомни еяётгандай эди. Подшо буни кўриб, ҳаваси келди ва мевадан ўзи ҳам егиси келиб, ғуломга деди:
– Эй ғулом, бу мевани бунча иштаҳа билан емоқдасан, менга ҳам озгина бер.
Ғулом меванинг қолганини шоҳга узатди. Шоҳ уни татиб кўрган эди, афти бурушди. Чунки мева бағоят аччиқ эди. Шоҳ ғуломига деди:
– Сенинг ишингни ҳеч ким қилган эмас, шундай аччиқ нарсани бундай роҳатланиб емоқдасан, бундай йўл тутишингнинг боиси нима?
Ғулом деди:
– Эй шаҳриёр, мен сендан юзлаб туҳфалар олганман, қанчадан-қанча яхшилик қилгансан. Шундай экан, бир марта туҳфанг аччиқ чиққан бўлса, қандай қилиб буни юзингга солай. Мен сенинг неъматларинг ичида яшадим. Шу боис сенинг қўлингдан олган нарсам аччиқ бўлса ҳам, менга шириндир. Сенинг қўлингдан агар бир аччиқ мева менга етган экан, уни қайтариб бериш мен учун оғир гуноҳдир.
Аллоҳнинг йўлида ранжу азоб чекишнинг ўзи роҳат, буни қулоғингга қуйиб ол, чунки сўз — насиҳат ҳам ганждир. Унинг иши гоҳ орқада, гоҳ рўпарададир, сен уни қандай бажарсанг, шундай ҳолда воқеъ бўлади. Сен бу дорулалам дунёсида яхшилик ва шодлик излайсан, аммо бу дунёнинг дилхушлиги дарду ғамдир. Ҳар бир луқма ичида юрак қони бор. Одам учун Ҳақнинг ҳақиқатидан ўзга ҳосил йўқ. Йўлни билган пухтакорлар буни обдон теран англаб етганлар. Шу боис улар юрак қонисиз бирор луқма емадилар. Токи нон — , туз татиб юрар эканлар, жигар қонисиз нон синдирмаганлар.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.