Бир кишининг иблисдан шикояти

Бир ғофил — маърифатсиз одам бир дарвеш олдида Иблисдан ўпкалаб (шикоят қилиб) гапирди.
Дедики:
— Иблис мени васвасага солиб йўлдан оздиради. найранг ва шумлик билан менинг ниятимни бузади.
Дарвеш деди:
— Эй азиз ўғлон, Иблис бундан олдин ҳам бор эди, воқеан бу дунё бино бўлибдики у бор. У сендан озод эди, бироқ сенга ўхша-ганлар зулмидан дод дер эди. Иблис ҳозир шу ерда, у дейдики: дунё — менинг мулким, дунёни дўст тутган киши мен билан, аммо дунёни ўз душмани деб билган киши мен билан эмас. Сен ул ўғлонга айтгин: менинг мулкимдан қўл тортсин ва йўлига равона бўлсин. Агар менинг дунёмга аралашмаса индамайман, лекин агар аралашса — динига чанг соламан. Кимки менинг мулким — еримдан ташқари чиқса у билан ишим йўқ, вассалом».

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.