Бир камбағалнинг Миср шоҳига ошиқ бўлгани ҳикояти

Мисрда номи шуҳратга бурканган подшо бор эди. Бир камбағал дарвеш шу подшога ошиқ бўлди. Дарвешнинг ошиқлиги хабари шоҳга келиб етгач, уни ўз ҳузурига чақир-тирди. Шоҳ дарвешга деди: «Нега подшоҳга ошиқ бўлдинг, энди икки йўлдан бирини танла: ё бу диёру шаҳрни тарк этасан, ёки менинг ишқимда бошингдан жудо бўласан. Сенга ҳақ гапни айтяпман: ё бошингни жаллод   кундасига қўй, ёки мусофирлигу оворагарчиликни бўйнингга ол».
Дарвеш чин ошиқлик нима эканини билмасди. Шу боис шаҳардан чиқиб кетишни танлади. Бенаво дарвеш саройдан чиқиши билан, шоҳ ўз аъёнларига буюрди: «Уни тутиб бошини кесинглар!» Шоҳ яқинларидан бири деди: «Ахир унинг ҳеч гуноҳи йўқ-ку, шоҳим нега унинг бошини кесишга буюрадилар?» Шоҳ деди: «Чунки у ошиқ эмас эди, бизнинг ишқимиз йўлида содиқ эмас эди. Агар у чин ошиқлик ишини билганида эди, бу ерда бошини кесишларини хоҳлаган бўларди. Кимда-ким, боши Жонондан кўра азиз бўлса, ошиқлик унга ҳаромдир. Агар у Мендан бош кесишни хоҳлаганда эди, шоҳ тожу тахтидан кечиб, унинг олдида бел боғлаб, хизматда бўларди ва дарвеш оламнинг подшоси бўларди, яъни ўз ўрнига — тахтга ўтқазарди. Аммо у ишқда қуруқ даъво қиларди, холос, шу боис бундайларнинг боши кесилиши яхши. Ҳар кимки ишкда даъво қилур, аммо содиқ эмасдир, у шаксиз бебурд ва бузуқидир. Буни шу учун айтдимки, ҳар қандай паст бебурд киши бизнинг ишқимизда беҳуда лоф урмасин, ёлғон сўзламасин».

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.