Бир дардманд кишининг Абубакр Шиблий ҳузурида йиғлагани ҳикояти

Бир дардли одам шайх Шиблий олдида йиғлар эди. Шайх ундан:
— Нима сабабдан йиғлаяпсан? — деб сўради.
Ул деди:
— Эй шайх, бир дўстим бор эди, унинг жамолини кўриб хушнуд бўлардим. Ўшал дўстим ўлди, унинг ғамида мен ҳам ўлаётибман. Чунки унинг фироқи дунёни кўзимга қоронғу қилиб қўйди.
Шайх деди:
— Шундан кўнглинг ўксиган бўлса, сенинг жазойинг шудир. Сен шундай дўст танлагинки, у ўлмайдиган бўлсин ва ўзинг ҳам бунақа алам чекмайдиган бўлгин. Ўлимдан нуқсон топадиган дўстлик ўткинчидир, у жонингни ғамга тўлдиради. Кимки сурат ишқига мубтало бўлса, у шу сурат туфайли балоларга гирифтор бўлади. Ўша сурат қўлдан чиққандан кейин, у жудоликдан қонлар ютади.

Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.