Бемор канизак

Қадим  замонда бир подшоҳ бор эди. У одамлари  билан овга чиқаркан, йўлда кетаётиб бир қизни учратди ва шу заҳоти ошиқ бўлди. Одатга кўра, қизнинг маҳрини бериб, уни саройга келтирди. Аммо тез орада у  гўзал  хасталанди. Кундан-кунга сўлиб борарди. Мана ман деган табиблар жория дардига даво топа олмадилар. Подшоҳ бу ҳолдан  жуда қайғуга ботди, кунлаб чора  излади;  у ёққа борди, бу ёққа борди бўлмади. Охири бир масжидга кирди ва  қўл очиб дуо қилди. Саждага бориб, йиғлади; маҳбубасининг тузалиши учун Аллоҳга ёлворди.  Ва ниҳоят дуолари  қабул бўлиб, хушхулқ бир ҳакимга юзма-юз келди.  
Ҳаким саройга келиб, беморга разм солди, кейин юрак уришини текшириб кўрди. Касаллик аломатларига қараб бунинг сабабини қиздан сўради. “Бошқа ҳакимларнинг ичкаридан хабарлари йўқ,  шу сабаб уларнинг бутун ақлу ҳуши ташқарида” – деди оҳиста.   Ҳаким ҳаммасини тушунди, аммо буни подшоҳга айтмади. Унинг аҳволидан, инграшидан беморнинг кўнгли хасталангини фаҳмлади. Чунки ҳеч бир дард, инсонни кўнгил дардидек изтиробга сололмайди.  
Ҳаким вазиятни тушунтириб:
—    Подшоҳим, – деди. Бир муддат ҳаммани саройдан  узоқлаштиринг. Атрофда ҳеч ким қолмасин; мен бемор билан ёлғиз қолиб, унинг касаллик сабабларини аниқлай, кейин  шунга қараб бир чора-тадбир қўллайман.
Подшоҳнинг амри билан хона бўшатилди. Ҳаким беморга яқин келиб
ўтирди; юмшоқ ва тотли бир овоз билан сўрай бошлади:
—    Қаерликсан? Айт менга, чунки ҳар мамлакат халқининг табиби бошқа-бошқадир. Юртингда яқинларингдан ким бор, кимга яқинсан?– деди.
Ҳаким бармоғини қизнинг билагига қўйди. Ҳам саволга тутиб, ҳам унинг қон томир уришига диққатини қаратганди.  Канизак бирма-бир бошидан ўтганларни айтиб берди. Ҳаким қизнинг билагидан тутганича: “У бировни эслаганида ҳаяжонланиб, томири тез урса, демакки севгани, юрагига тушиб мум каби эритган яширин хасталик  мана шу бўлади” , – деб ўйларди.  
Қиздан  туғилиб ўсган юрти ва у ердаги дўстлари ҳақида сўради. Бироқ  томирда ўзгариш юз бермади. Шунда ҳаким:
—    Туғилган жойингдан яна қаерларга сафар қилдинг? – деб сўради.
Бунинг устига қиз бир шаҳар исмини айтиб ўтди, аммо на юзининг рангида, на томирида ўзгариш рўй берди. Бир оздан сўнг борган жойлари, шаҳарлари, кўриб танишган инсонлари ҳақида бир-бир ҳикоя қилди. Лекин  аҳволи ўзгармади. Токи у Самарқанд номини эшитар экан, қизнинг юрак уриши тезлашди. Юзи, ёноқлари қизарди. Чунки у Самарқандда бир заргарга ошиқ бўлганди ва ундан айрилгани изтиробидан куйиб ёнаётган эди.
Буни сезган ҳаким, заргар Самарқанднинг қаеридан, қайси маҳалласидан эканлигини сўраб билди.
Ҳаким беморнинг ёнидан туриб, тўғри  подшоҳ ҳузурига борди; унга вазиятни тушунтирди:
—    Бемор соғайиши учун  заргарни олиб келишдан бошқа
чора йўқ, –  деди.
Буни эшитган подшоҳ ҳакимнинг насиҳатини бажону дил  қабул қилди. Заргарни олиб келиш учун унга бир элчи юборди. Элчи тўғри Самарқандга бориб заргарни топди ва подшоҳнинг юборган ҳадяларини тақдим этди. Подшоҳ чақирганини  айтаркан, заргар вақт ҳаялламай йўлга тушиб, подшоҳ саройига  етиб келди.  
Ҳаким саройга келган заргарни  шоҳ ҳузурига этди. Подшоҳ заргарга илтифотлар кўрсатиб, эҳсон улашди. Хазинасини унга тортиқ этди.
Бунинг устига ҳаким:
—    Эй подшоҳ, у жорияни  заргарга никоҳлаб бергин, хасталикдан
бутунлай тузалсин, – деди.
Подшоҳ у ой юзли гўзални ўз қўли билан заргарга берди, олти ой мурод олиб мурод бердилар. Шундан сўнг қиз батамом тузалди.   

Шарҳ

Шарҳларга кўра бу ҳикоя бир инсоннинг аҳволидан арз қилади. Бунда инсон руҳининг илоҳий оламдан айрилганидан сўнг, замон ичида қолган катта можароси тилга олинади.  
Ўша жисм яратилишидан илгари “руҳ” деган бир подшоҳ бор эди. Бу подшоҳ ҳар икки дунё мулкининг султонидир. Унинг йўли бу дунёга тушиши билан, орада “нафс” жорияси деган ақлни ўғирлатувчи бир гўзал кўрди. Унга ошиқ бўлди ва қул бўлар аҳволга тушди. Қисқаси, дунё ҳавасларига ва дунё эҳтиросларига кўмилган ўз нафсининг асири ҳолига келди.
Подшоҳ бу жорияга ошиқ бўлиб, катта бойлик эвазига қизни олди.
Аммо шоҳнинг ҳақиқий давлати кўнгил мулки бўлиб, у бойлик билан эгаллаган гўзалликни, ҳатто инкор этиб бўлмас ва абадий гўзалликларни ҳам қўлда қилинишини унутган эди.
Руҳнинг вужудга кириб, унинг ранг ва тан гўзаллигига, эҳтиёжларига асир бўлиши, вужуднинг амрларига юриб, ўз тўғри йўлидан айрилиши беморликка йўл очиб берди. Бу ҳол истар-истамас  руҳга азоб беради. Уни изтиробга солади. Иффатдан узоқ, фақат моддий жисм севгисидан иборат муҳаббатга ишқ дейилмайди. Бу эса инсонни ҳақиқий ишққа етказмайди.

Канизак ҳикояси, “Маснавий”нинг энг узун қиссаларидан биридир. Биз қисқартириб олган бу ҳикоятнинг бутунлай бошқача давоми бордир ва у ўзгача воқеа билан якун топади.

Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сидан  Кавсар таржимаси