Баҳромнинг кўзи очилди

Баҳромнинг май таъсиридан бахтининг кўзи уйқуга кетиб, мамлакатининг биноси бу селдан йиқилгани ва мазлумлар фарёдидан уйғониб, бунинг чорасини кўргани

Яздижирд жаҳон мулкини тарк этгач, Баҳром маишатга берилиб кетди. Гъафлат бодаси уни маст қилиб, мастгина эмас, бодапараст қилиб қўйди. Шоҳ майни ичиб, мастлик уйқусига кетиши билан бошқа мастлар унинг мамлакатини хароб этишга бошлади. Кўнгли хасталарнинг кўнглини овлашни ўйламай, ишлари фақат даштда ов қилиш эди. Ичкилик ичиб, ёмонлик қилувчилар унинг мамлакатини ер билан яксон қилишди.
Баҳром ов қилиб юриб, бир кун адашиб қолди. Шунда у бировнинг чайласига кириб, меҳмон бўлди. У чайла эмас, хижроннинг қора кечасидек қоронғи, зулм-ситам қушларининг тузоғига ўхшаган, ошиқларнинг кўнгул уйидек бузуқ, ёғочлари ўққа ўхшаб ҳар томондан чиқиб турган жой эди. Бу чайлани зулм ўқлари тешгани кўриниб турар; бир неча мазлумлар у ердан бошпана топган эди. Замона зулмидан уларнинг ҳаммаси яланғоч, зулм қўлининг шапалоғидан ҳаммасининг қадди букилган эди. Битта қотган нон билан сув олиб келиб, уй эгаси уларга хизмат қила бошлади. Шоҳ аҳволни кўриб, нима гаплигини сўради.
У:
— Ахвол мана шу кўриб турганингдай, — деб жавоб берди. Шоҳ деди:
— Бу фақирлик, ожизлик, муҳтожлик нимадан? Бунинг ҳамма сирларини рўйи рост айт? У деди:
— Бурун аҳволимиз яхши эди. Бизнинг аҳволимизни зулм хароб қилди. Шоҳ халқнинг аҳволидан хабардор эмас. Унга май ва куйдан бошқа нарса керак эмас. Унинг одамлари тамаъ оғзини кенг очиб, мамлакатни ер билан тенг қилишди.
Шоҳнинг кўзига рўпара бир кошона кўринди, лекин унинг ҳар хонаси вайрона эди. Шоҳ сўради:
— Бу вайрона илгари нима эди? У жавоб берди:
— Сарой эди. Атрофи эса боғ эди. Унда эскидан-эски дарахтлар, янги чиққан гуллар ўсар эди. Икки тегирмон кориз суви ҳам бор эди. Бу ажойиб сув деҳқончилик даромадлари билан шу жойни кент, ҳатто шаҳар қилиб юборган эди. Энди коризга қарашга куч қолмади. Тақдирнинг унга кўзи тегиб, кўр бўлиб қолди. Сув қуригандан кейин боғ ҳам қуриди; гул ҳам қолмади: гул у ёқда турсин, унинг яфроғи ҳам. Бинони суваш, тузатишга ҳам куч йўқ; бу ишларни бажарадиган одамларнинг ўзи ҳам қолмади. Боғ ва сарой — ҳаммаси ер билан яксон бўлди, зулм, тамаъ эса бирга юз бўлди. Замона зулми молларни олгандан кейин, шу ёмон ожизлик, шундай бир аҳволга тушиб қолдик.
Шоҳ шу парданинг ўзидаги ўриш-арқоқдан аҳволни тушуниб, жони ўртанди, бошидан тутун кўтарилди. Гъам қиличи бағрини чок-чок қилиб, ғуссадан ўлишига сал қолди. Мастлик ғафлатидан уйғониб, жони хумор ўти билан ёна бошлади. Айшу ишратдан, хурсанд-чиликдан кўнгли совиб, ҳамма қилаётганлари хато эканини тушунди. Золимларни йўқотишни фикр қилиб, адолат қилишни кўнглидан ўтказа бошлади. Худонинг номи билан шу ниятни қилган эди, шу пайтда бир одам хушхабар келтирди. У деди:
— Коризни тешиб, оби ҳаётдек пок ва соф сув чиқиб кетди. Уй эгаси Тангрига шукр қилиб, деди:
— Айшга берилган шоҳ зулмни қўйиб, адолатни ният қилган эди, бундан дархол яхши хосиятлар кўрина бошлади.
Шоҳга бу сўз ҳам танбех бўлди; узр айтиш билан уни бой қилди-да, у билан хайрлашди. Мамлакатга қайтиб, адолат кўрсатди; ғам билан эзилган халқни шод қилди; ғам билан эзилган халқ шод, бу хол мамлакатига ҳам тез таъсир этди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидан