Қароқчи бошлиғи

Қиш кунларининг бирида қароқчилар бир қишлоққа бостиришди. Қишлоқни остин-устун қилиб, одамлардан бир қанчасини тутиб қароқчилар бошлиғининг ҳузурига келтиришди. Улар орасида чиройли ҳамда сўзини билиб гапирадиган бир киши бор эди. Қароқчи бошлиғининг олдига келгач, фойда бериб қолар деган умидда бир неча бор сўзлади. Аммо, қароқчилар бошлиғи бунга парво ҳам қилмади. Одамларига буюрди; уни ҳам кийимини бергунга қадар таладилар. Сўнг одамни эшикдан ташқарига чиқариб қўйдилар. Ташқари жуда совуқ эди. Бечора, кўйлакчан юра бошлади. Ортидан эса, итлар келиб ҳура бошлади. Одам эгилиб ердан бир тошни олмоқчи бўлди. Аммо, тошлар музлаб қолганидан ҳеч бирини жойидан силжитолмади. Шунда:
–Булар қандай ҳаромзода инсонлар бўлди! – деди. Итларни қўйвориб, тошларни боғлаб қўйибди!
Қароқчилар бошлиғи эса уни деразадан кузатиб турарди. Одамнинг гапларини эшитиб кулди. Ва уни орқага қайтарди. Одамга:
–Эй, ақлли! – деди. – Тила тилагингни!
Одам қароқчилар бошлиғига қаради. Шу пайт, “Инсон инсонлардан яхшилик кутади. Мен сенинг яхшилигингдан воз кечдим; етар энди, менга ёмонлик қилма!” демоқчи бўлди-ю, кейин шундай деб жавоб берди:
–Агар эҳсон қилмоқчи экансан, кийимимни қайтариб бер! – деди. Қароқчилар бошлиғи одамнинг қарашларидан ва овозидан таъсирланиб кетди. Худди хаёлидагини топгандек, ғалати бўлиб кетди. Унинг кийимларини қайтариб берди. Ўзгача бир кўркли тўн билан унга бир оз пул ҳам берди.
Гъаройиб ва мароқли нигоҳлари остида одамни жўнатди.

Ҳикмат

Тасодифий тош бош ёради. Кичик ё аҳамиятсиз нарсалар ёки ҳисобга олинмаган кимсалар кутилган аҳамиятли ва таъсирли ишлар қила олади.

«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси