Агар Аҳмад сeни чақирмаса

“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига

Бир Рамазон оқшоми Ускудар ашрофларидан бир бой фақиру фуқарога ифтор берди. Овқатдан кейин меҳмонлар билан ҳол-аҳвол сўрагач, бойлигини санай кетди:

— Афандим, Самандирадаги 1500 йиллик еримда бу ёз полиз экинлари етиштираман.

Меҳмонлардан, дарвешсифат бир киши  қараб туриб:

— Агар Аҳмад сени чақирмаса, деди.

Бой буни эшитмагандай давом этди:

— Азизим, Бейкоздаги дала ҳовлимга бу йил янги  қўшимчалар киритаман.

Дарвеш яна:

— Агар Аҳмад чақирмаса, деди.

Бой бунга ҳам аҳамият бермай давом этди:

— Келаси ой Ҳиндистонга катта бир тижорат карвони жўнатаман. Бу тижоратдан катта фойда кутяпман.

Дарвеш яна:

— Агар Аҳмад чақирмаса, деди.

Бой ортиқ чидолмади, жаҳли чиқиб:

— Афанди, агар Аҳмад сени чақирмаса деб турибсиз, ким ўзи бу Аҳмад?, — деди.

Дарвеш хотиржамлик билан:

— Қорача Аҳмад қабристони, деб жавоб берди.

Туркчадан Марям Осиё таржимаси