Абу Алининг ҳазили

Бир олим ўзи ёзган китобни Абу Али Ибн Синога (мақтаниш учун) кўрсатди. Абу Али китобни бошидан охиригача варақлаб кўриб чиқди ва эгасига қайтарди.
Ўша куни олим ўз китобини подшоҳга (Бухоро амри Нуҳ ибн Мансурга) совға қилди. Амир сўради:
—    Бу китобни ким ёзган?
—    Буни камина ёзганман, — деди ҳалиги олим.
Ибн Сино кулимсираб:
—    Йўқ, бу китобни мен ёзганман, — деди.
Подшоҳ ажабланиб сўради:
—    Буни қандай исботлайсан?
Ибн Сино китобнинг мазмунини бошдан охиригача ёддан айтиб берди.
Ҳалиги олим подшоҳ олдида хижолат бўлиб, нима дейишини билмай қолди.
Подшоҳ китоб муаллифини койиди:
—    Нечун ёлғон гапирдинг?
Ҳалиги олим куйиниб, ўзини оқлай бошлади.
—    Бу китобни, ахир, мен ёзганман.
Подшоҳ Ибн Синога савол назари билан қаради.
Ибн Сино жавоб берди:
— Олий ҳазрат, афв этинг. Бу китобни шу олим ёзган. Мен фақат унинг китобини бир варақлаб чиқиб ёдлаб олган эдим.
Подшоҳнинг чиройи очилиб, ҳар икки олимни мақтади.

Муҳаммад Ибн Сулаймоннинг “Қиссату-л-уламо” асаридан Маҳкам Маҳмуд таржимаси