Қақнус умрининг узунлиги ва унинг аҳволи ҳикояси

Қақнус Ҳиндистонда яшайдиган турфа ажиб бир қушдир-ким, узун ва қаттиқ тумшуғи бор. Тумшуғида худди най каби бир қанча тешиклар мавжуд. Бу тешиклар юзтага яқин. Қақнуснинг бошқа қушлар каби жуфти йўқ, у болаламайди. Тумшуғининг ҳар бир тешигидан ўзгача овоз чиқаради, ҳар бир овозида ўзгача нола, ўзга бир сир бор. Ҳар бир тешикдан турли-туман оҳангу наволар чиқариб, нола чеккач, барча қушлар, қушларгина эмас, барча жониворлар, ҳатто сувда балиқлар бундан беқарор бўладилар. Барча ваҳший даррандалар жим бўлиб, бу овоздан ўзгача ҳолатга тушадилар.
Файласуфлар унга ҳамроз бўлиб, овозига қараб мусиқа илмини яратдилар. У қарийб минг йил умр кўради, аммо ўлими вақти яқинлашаётганини олдиндан сезади. Ўлими яқинлашгач, кўнглига ғулғула тушиб, атрофига кўп-кўп ўтин йиғади.Ўтинлар ўртасига ўтириб олиб, ўтли нолалар чекади. Кейин ҳар бир тешикдан, бошқа-бошқа дардли навҳалар чиқаради, юз тешикдан юз хил навҳа-соз чиқаради. Навҳа чекаётганда ўлим аламидан лаҳза-лаҳза титраб туради. Бўзлаб нола чекишидан ҳайратланиб, қушлар ва ҳайвонлар унинг олдига йиғиладилар ва ҳаётдан умидларини узгандайин, беҳол бўлиб қоладилар. Кейин умрининг сўнгида ажаб ҳол юз беради: унинг ноласи зўридан тумшуғидан қон оқа бошлайди, бир нафас тин олиб, сўнгра қанотларини бир-бирига ура бошлайди. Шунда унинг қанотидан ўт чақнаб чиқади, кейин бутун вужудини ўт қоплаб ёна бошлайди, олов ўтинларга ўтади ва бирга-бирга ёниб чўғга айланадилар. Кейин чўғлар совиб кул бўладилар. Кул ичида битта кичкина чўғ қолади ва у кичкина қақнус бўлиб дунёга келади. Олов ўтинни кулга айлантиради, кул ичида эса қақнус боласи пайдо бўлади. Киши ўлгандан кейин туққани ёки туғилганини биров жаҳонда кўрганми.
Агар қақнус каби узоқ умр кўрсанг, ана шундай ҳам ўлиб ва ҳам яна тириласан. Бечора қақнус минг йил яшаб, ўз вужудидан юз минг нолалар чиқарди. Йиллар давомида нола ва дард ичра эди, ота-онаси ҳам бўлмаган, жуфти ҳам йўқ эди, яккаларнинг яккаси эди. Дунёда унинг пайванди – боғлиқлик жойи, яъни жуфти ҳам, фарзанди ҳам йўқ эди. Охирида ажал келиб жонини олди – кулини кўкка совурди. Жони бор махлуқки бор, у ажал дастидан қутулмайди – шуни яхши билиб ол. Оламда ўлмайдиган киши йўқ.Яна ажойиброғики, кишининг сафар озиғи ҳам бўлмайди.* Ўлим агарчи қаттиқ ва золим бўлса-да, лекин унга бўйин эгиш шарт. Бошимизга кўп қаттиқ ишлар тушиб туради, аммо ажалнинг иши энг қаттиқ ишдир.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.