Пиримқул Қодиров. Халқ тилининг қудрати

 

http://n.ziyouz.com/images/pirimqul_qodirov.jpg

Тил илмининг билимдонлари, айниқса, адабий тил тадқиқотчиларининг китобларини варақлаганда атоқли адиб, Ўзбе­кистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг номини, “Халқ тили ва реалистик проза”, “Тил ва дил”, “Тил ва эл” номли асарларидан олинган иқтибосларга тез-тез кўзингиз тушади. Замонавий ўзбек насрини “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос” сингари ажойиб қиссалари, тарихий романчилигимизни янги поғонага кўтарган “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар давони”, замондошлар ҳаётидан олиб ёзилган “Қора кўзлар”, “Олмос камар” каби романлар билан бойитган адибнинг адабий тил тад­қиқига бағишланган тадқиқотлари бугунги кунда ҳам ёш ижодкорларга, илмий изланувчи ва адабиётга ихлоси баланд китобхонларга бадиият сирларидан ўзига хос сабоқ бериб келаётир.

Тил тарихи, мумтоз адабиётимиз намуналари, халқ тили ва адабиёт муаммолари ёзувчини ҳам ҳайрат солган, ҳам дуру гавҳарлар маконидек мудом изланишга чорлаган. Гарчи юксак реалистик асарлари билан кенг танилган бўлса-да, устоз Пиримқул Қодиров бадиий сўз жозибасини, тил сеҳрини илмий-оммабоп услубда чуқур таҳлил ва талқин этганки, унинг бу соҳага доир мероси ҳам улкан қадр-қимматга эга.

Қуйида адибнинг адабий тил, сўз санъати, мумтоз шоирлар, улуғ сиймоларнинг бу борадаги ибратлари талқин этилган асарларидан айрим иқтибосларни ўқийсиз.

* * *

Дунё тарихига назар ташласангиз, қайси мамлакатда миллий тил давлат тилига айланган бўлса ва шу тилда ҳаққоний тарихий асарлар яратилса, ўша жойда тараққиёт тезлашиб борганини кўрасиз. Ўтган асрларда Англия тараққиётини тезлаштирган энг муҳим омиллар орасида инглиз адабий тилининг давлат тилига айлангани ва бу тилда Шекс­пир, Вальтер Скотт каби ёзувчилар ёрқин тарихий асарлар ёзиб, ўз халқини дунёга танитгани алоҳида аҳамият касб этади. Худди шу фикрни Бальзакнинг ватани Франция, Гётенинг ватани Германия, Лев Толстойнинг ватани Россия ҳақида ҳам айтиш мумкин.

* * *

“Темур тузуклари” ўзбек адабиётида бундан олти аср бурун реализмни бошлаб берган автобиографик асар сифатида юксак даражада қадрланиши керак. Амир Темур Шомий каби адиблар олдига ҳам реалистик талаблар қўйгани, лоф ва муболағага берилмасдан, чин ҳақиқатни барчага етиб борадиган тушунарли тилда асар ёзишга даъват этгани кейинчалик давлатни бош­қарган Темурийлар учун улкан бир ибрат ва дастуриламалга айланади.

* * *

Амир Темур ўз “Тузуклар”и билан туркий тилнинг мавқеини юқори кўтариб, бу тилга муносабатда бурилиш ясаб кетганлиги унинг авлодлари учун катта бир ибрат манбаи бўлди.

* * *

Эллик минг байт шеърни хотирасида жамлаган Алишер Навоий адабий тилимизнинг минг йиллар давомида яратилган бойликларини қалбга йиғиш билан чекланмайди. Балки араб ва форс тилининг ўзига ёққан сўз ва ибораларини ҳам хотирасида жамлаб, бу тиллардаги яхши шеърларни ёд олади.

* * *

Алишер Навоий шеъриятига унинг ҳаёт пайтидаёқ энг юксак баҳони Ҳусайн Бойқаро берган эди. Давлат ишлари билан беҳад банд бўлган подшонинг шоир ижодига бағишлаб махсус рисола ёзганлиги тарихда мисли кўрилмаган ҳодисадир.

Рисолада Алишер Навоийнинг энг буюк хизмати қуйидагича баҳоланади: “Туркий тилнинг ўлган жасадиға Масеҳ нафаси била руҳ киюрди ва ул руҳ топқонларға туркий алфоз тору пудидин тўкулган ҳулла ва ҳарир киюрди”.

* * *

Алишер Навоий асарларини бундай суюкли умрбоқий қилган фазилатлар, аввало, унинг сўз санъатида, бадиий тилида акс этади. Чунки тил мазмунга нисбатан шаклдир ва гўё мазмунга кийдирилган “ли­бос”дир. Шунинг учун бизнинг нигоҳимиз энг аввал шу “либос” — тилга тушади.

* * *

Бобурнинг тили Навоий тилига нисбатан содда, жонли сўзлашув тилига яқин. Шунинг учун китобий тилда “эрди”, “эрдим” деб ёзиладиган сўзлар қисқароқ тарзда “эди”, “эдим” деб ёзилади. Бу ҳаммаси Бобур Мирзонинг адабий тилимиз сарчашмаларига ватан бўлган Андижонда туғилиб ўсганлиги, Тошкент ва Самарқандларда яшаганлиги билан ҳам боғлиқдир.

* * *

Бобур Мирзо сўз орқали одамнинг ўзини кўриш мумкин, деб ҳисоблаган. “Ҳар вақтеки кўргайсен менинг сўзумни” деган сатрда сўз кўринадиган бир мавжудот сифатида баҳоланади.

Албатта, сўзнинг шакли фақат қоғозда кўринади, аммо сўзнинг ички мазмунида сурати чизилган тасвир ҳам бор. Бу тасвирда Бобурнинг ҳаёти, бошидан кечирганлари, унинг тилида акс этган диди, феъли атвори, ички кечинмалари — ҳаммаси мавжуд. Бобур шуни ҳисобга олиб, “сўзимни ўқиганда ўзимни кўргандай бўласен” (“соғингайсен ўзимни”) дейди.

Бадиий тилга бундай тирик жон ато қилишга фақат даҳо даражасидаги реалист адибларгина муяссар бўладилар.

* * *

Адабий тилимизнинг мумтозлик қудрати туфайли жаҳон тилларида бор ҳамма нозик ва мураккаб ҳис-туйғулар ва тушунчаларни она тилимизда бемалол ифодалаш имконияти мавжуддир.

* * *

Тилнинг бутун қудрати — унинг халқ дилида ва меҳнат жараёнида яратилиб, бойиб бориши билан боғлиқдир.

* * *

Ғоя билан туйғу чинакам уйғунлашгандагина китобхоннинг қалбига етиб боради, унга яхши маънода “юқади”, демак, уни тарбиялайди. Ғоя билан туйғу эса фақат бадиий тил материалида, аниқ ва образли сўзлар воситасида уйғунлашиши мумкин.

* * *

Қалби пок, нияти холис кишиларимиз ўтган даврдаги адабий тил воситаси билан ўзларининг энг нозик, энг гўзал, энг шеърий туйғуларини ҳам ифодалай олганликларини Кумуш ва Отабекнинг хатларида кўриш мумкин.

* * *

Агар Отабек билан Кумушнинг хатлари бутунича ўтган аср услубида ёзилса эди, “эди” ўрнига “эрди”, “тупроқ” ўрнига “туфроқ”, “мактуб” ўрнига “китобат” ёзилган бўлар, кўпгина ўзбекча иборалар араб-форс тилининг қонунларига асосланган мураккаб иборалар билан алмашинар эди. Ана унда ёзувчи бу хатлар орқали ифода қилган ҳаққоний фикрлар, ажойиб ҳис-туйғулар китобхонга ҳозиргичалик кучли таъсир кўрсата олмас эди.

* * *

А.Қодирий, С.Айний, Ойбек, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор каби адибларимизнинг асарларига ёндошсак, уларнинг ҳаммаси ҳам жонли халқ тилини адабий тилга санъаткорона пайванд қилиб ишлатилганини кўрамиз. Аммо худди шу икки дар­ёни — жонли халқ тили билан адабий тилни бир-бирига қандай қилиб қўшиш, уларни қандай уйғунлаштириш масаласини ҳар бир ёзувчи ўз олдига қўйган ғоявий-бадиий вазифадан келиб чиқиб, ўзига хос дид, иқтидор, ҳаётий тажриба иштирокида мустақил ҳал қилади. Уларнинг бадиий тилларидаги ранг-баранглик шундан келиб чиқади.

* * *

Чўлпон ижодига танқидчилар бера олмаган энг теран ва ҳаққоний талқинни Чўлпоннинг ўзи беради. У чиндан ҳам юксак ғоялар оғушида яшайди, бу ғоялар кўкларга беркинган юлдузлардай пок ва жозибали. Айни вақтда, шоир ўша кўклардаги поклик, озодлик ва жозибани ердан ҳам излайди, аммо шафқатсиз замонада ўз излаганини тополмай дард чекади.

* * *

Биз, бугунги қалам аҳли, ҳақ сўзини айтишда, халққа жон куйдиришда, шижоат ва фидойиликда Чўлпон ва унинг буюк маслакдошлари бўлган Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Фитрат каби довюрак истиқлолчилардан қанчалик кўп нарса ўрганишимиз ва қай даражада ибрат олишимиз кераклигини эсдан чиқармасликка бурчлимиз.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 26-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!